Бош прокуратура хабарида қайд этилишича, 16 январь куни Каттақўрғон тумани Олтинсой қишлоғида яшаган 26 ёшли эркак ва унинг 18 ёшли турмуш ўртоғи яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этишган.
Шу куни марҳумлар яқин қариндошлари томонидан дафн этилган.
Бироқ, Каттақўрғон тумани ИИБ ва тиббиёт бирлашмасига ҳам келин-куёв вафот этганликлари ҳақида хабар келиб тушмаган.
Марҳумларнинг яқинлари ушбу ҳолат ҳақида ички ишлар органлари ва бошқа ташкилотларга хабар бермаганликлари аниқланган.
Текшириш давомида Каттақўрғон туман ИИБ, туман ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими, туман Оила ва хотин қизлар бўлими ҳамда «Самарқанд ҳудудгаз» корхонасига хизмат текширувлари тайинланган.
Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, марҳумларнинг ўлим сабабларига аниқлик киритилмоқда.
Текшириш ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов Каттақўрғон тумани Олтинсой қишлоғида 28 кунлик келин-куёв тупроққа қўйилганини ёзганди.
Унинг маълумотларига қараганда, тун ярмида газ тармоқдан узилган ва қайта ёқилган. Олов ўчгач, сизган газ туфайли уйқудаги келин-куёвни заҳарланган. Улар эрталаб хонадонида ўлик ҳолда топилган.
«Туман газ идораси аза бошланмасидан хонадон эгаларини техника хавфсизлигига риоя қилмасликда айблаб, далолатнома тўлдириб кетишди.
Шоҳрўз Аъзамов янги йил арафасида уйланганди. Кўпчилик қатори бир олам орзулари бор эди, эссиз… Оила фожиаси - миллат фожиаси, дейдилар.
Ўша куни қишлоққа ҳоким келган экан. Газчилар бу валломатга яхши кўриниш учун газни баландлатиб, масхарабозлик қилишган. Кечаси чегириб қоламиз, деганми, билмайман.
Одамлар ўлиши учун уруш бўлиши шарт эмас. Мутасаддиларнинг уқувсиз ва аҳмоқ бўлиши етарли», деб изоҳлаган ҳуқуқ фаоли.