Талабалар ўқишга чақирилди, лекин айрим рейслар бекор бўляпти ёки кечиктирилмоқда

20.01.2023 14:32

Бугун ҳеч қандай изоҳсиз Бухоро-Тошкент йўналиши бекор қилинган. Тошкентга кетиш учун вокзалга етиб келган йўловчилар эса йўлга чиқиш вақтида рейс бекор бўлганидан хабар топишган.

Бизга мурожаат қилган талабанинг ёзишича, у бугун 20 январь куни соат 10:00 да Бухоро автовокзалидан юриши керак бўлган 49685-рейсга 6 январь куни чипта харид қилган. Аммо бугун соат 10:00 да автовокзалга етиб келганида ҳеч қандай асосли тушунтиришларсиз автобус йўқлиги ва юрмаслиги, пуллар қайтариб берилиши айтилган.  Миршодбек Норов рейс бекор бўлиши билан боғлиқ ҳолатларда истеъмолчилар дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни санаб ўтди:

«Ўзим талабаман, ҳукуматнинг дарс жараёнларининг бошланишига оид тутуриқсиз баёнотлари ортидан чиптани бир неча бор алмаштирдик. Автобусларга харид қилинган чипталарни онлайн алмаштириш имкони йўқ. Фалон пул сарфлаб автовокзалга бориб алмаштирдик. 

Энди вазирликлар аниқ гап айтса рейслар бекор бўляпти. Автовокзал расмийлари келтирган сабаблари эса автобусларга газ берилмаётган эмиш! Яна Самарқанддан автобусларни ўтказмаётганмиш! Биринчи бўлиб ЎзДарёТрансни Республика ишонч телефонларига қилдим, ҳеч ким кўтармайди. Ҳудудий бошқарма ўзимиз телефон қиламиз дегунча гумдон бўлди. Вилоят прокуратурасига шикоят қилиб бордим: судга давлат божи тўлаб шикоят қилсам суд кўриб чиқаркан. Транспорт прокуратурасига боришим кераклигини айтишди. Самарқанддаги йўллар ёпилганини текшириш учун Республика ЙҲХБ га мурожаат қилдим: яна сансалорлик - фалончи номерга телефон қилинг! У телефонни ҳеч ким кўтармайди! Газ берилмаётгани бўйича аниқлик киритиш мақсадида Энергетика вазирлигига боғланишга уриндим, икки марта бир хил сўз такрорланиб ўчиб қолаверади. Боғланиб бўлмайди, хуллас. Вилоят прокуратурасига қилган шикоятимда «Энергетика вазирлиги масъуллари барча жамоат транспортларига газ беряпмиз деб баёнот беряпти. Нега унда Автовокзал бизга бошқача гап гапиряпти? Ёлғон ахборот тарқатгани учун фақат блогерлар жазоланадими дея вазиятни ўрганиб, Энергетика вазирлигининг баёнотлари ёлғон бўлса, вазирлик масъулларига чора кўришни сўрадим. Прокуратура масъулининг гапи битта буни Транспорт прокуратураси ўрганади! Ёлғон ахборот тарқатган ёки йўқлигини ҳам улар ўрганмас экан. Шунда ҳам ариза ёзишимни сўради: ахир мен шикоятимни нега оғзаки баён қилдим, яна ариза ёзаманми, ахир ёзма ва оғзаки мурожаат тенг кучли эмасми? Муаммом ҳал бўлмаслигини тушуниб у ердан чиқиб келдим.
Ўзи Автовокзалдан фақат битта хусусий компанияга тегишли (All Comfort) автобуслар юради. Тошкент автовокзалида оқ автобуслар тизилиб ётади, уларга билет сотилмайди! Фақат қизил «All Comfort» га сотилади. Нега? Бу соҳа ҳам монополиями?
Агарда мурожаатимни ўқишаётган бўлса масъуллардан бузилган истеъмолчилик ҳуқуқларимни тиклашда амалий ёрдам беришларини, Монополияга қарши кураш қўмитасидан автовокзалдаги вазиятда монополия бор ёки йўқлигини ўрганиб чиқишларини сўрайман!", дейди Миршодбек Норов.

Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент автовокзали билан боғландик, улар Тошкентдан Бухорога рейслар бекор қилинмаганини айтишди, лекин Бухоро Тошкент йўналиши ҳақида маълумот бера олишмади.

Бухоро Тошкент йўналиши диспетчери билан боғландик ва у ҳақиқатдан ҳам рейслар бекор бўлгани, лекин билет пуллари автовокзалга йўловчилар боришса қайтариб берилишини айтди. Бир неча баробар алмаштирган талаба учун яна бир марта автовокзалга бориб, пулларни қайтиб олишга тўғри келмоқда. Ҳақиқатдан ҳам онлайн олинган билет пулларини онлайн қайтариб олиш имкони йўқ экан.

Бу ёнилғи қуйишдаги муаммо сабабли юз берган биринчи кечикиш ҳолати эмас. 

17 январь куни соат 15:00 да Урганч автовокзалидан йўлга чиққан «Урганч – Тошкент» йўналиши бўйича 102 та йўловчи билан ҳаракатланган автобуслар ҳам газ тақчиллиги сабаб йўлда қолиб кетгани айтилганди. 

Автобуслар 18 январь куни соат 05:30 ларда Навоий вилоятида газ ёнилғиси тугаши, ушбу ҳудуддаги АГТКШлар ишламаётганлиги сабабли қатновларни охирига етказишнинг имкони бўлмаган. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқалгач Транспорт вазирлиги йўловчиларни меҳмонхонасига вақтинчалик жойлаштирилгани ва 18 январь соат 10:27 ларда дизель ёнилғисида ҳаракатланувчи автобусларни жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳри йўналиши бўйича ҳаракат йўлга қўйилиб йўловчилар охирги манзилга етказилганини маълум қилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар