Ноёб операция: ўзбек шифокорлари томонидан илк бор сиам эгизаклари ажратиб олинди

19.01.2023 16:42

Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказида сиам эгизаклари муваффақиятли ажратилди. Болаларнинг ота-онаси қирғизистонлик бўлиб, бу ерга ўтган йил июнь ойида мурожаат қилган.

2022 йил 31 майда дунёга келган чақалоқлардаги бу ноодатий ҳолат ҳомиланинг 28 ҳафталигида аниқланган ва бўлажак она Ўш шаҳридан Бишкек шаҳрига юборилган. 29-ҳафтада туғуруқ жараёни “кесарча” усулида амалга оширилган. Дунёга келганида умумий вазни 1 600 грамм бўлган чақалоқларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйишган.

Жажжи Фотима ва Зуҳра танасининг қорин қисми, аниқроғи, жигари билан бирлашган эди. Битта ички аъзоларга эга эгизакларни ажратиш эса ўта мураккаб ва хавфли операция эди.

 Улар яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, яъни опа-сингилларнинг фарзандларидан дунёга келган.

Туғуруқдан 10 кун ўтгач, ота-онага болаларнинг яшаб қолиш имкони умуман йўқлиги айтилиб, уйига рухсат берилган. Аммо фарзандларининг яшаб кетишидан умид узмаган ота-она орадан бир ой ўтгач, Ўзбекистондаги Республика перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашевга телефон орқали мурожаат қилишди.

Беморлар ҳолатидан хабардор бўлган тажрибали неонатал хирург, профессор Б. Эргашев уларни янада чуқур тиббий кўриклардан ўтказиш зарурлигини айтади. Аммо Ўш шаҳрида бунинг имкони бўлмайди. Шунга қарамай, тажрибали мутахассис эгизакларни ҳар ой онлайн тарзда тиббий назорат қилиб боради. Ниҳоят октябрь ойида гўдаклар Республика перинатал марказининг Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказига олиб келинади. Бу пайтда улар 5 ойлик бўлиб қолган эди...

                        

                       Ўзбекистонда сиам эгизаклари аввал ҳам операция қилинганми?

Шу пайтгача юртимизда бу турдаги амалиёт фақат бир марта Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилган. Унда ҳам операция чет элдан чақирилган мутахассис бошчилигида ва бевосита иштирокида кечган.

—    Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказида ўтказилган ушбу ўта мураккаб амалиёт эса тўлиқ ўзбек шифокорлари томонидан амалга оширилди, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Б. Эргашев. — Бу операцияни мамлакатимизнинг энг тажрибали хирурглари ёрдамисиз амалга ошириб бўлмас эди. Бизга устозларимиз — Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори, профессор Ҳабибулло Оқилов ва ТошПТИ болалар хирургияси кафедраси мудири, профессор Насриддин Эргашев яқиндан ёрдам берди.

 

Аммо амалиёт даражаси, критик омилларни ҳаммамиз сезиб турардик. Бир неча ой давомида турли адабиётларни ўқиб-ўрганиб, халқаро даражада ўтказилган амалиётларнинг видеотасвирларини таҳлил қилиб, барча масъулиятни зиммамизга олган ҳолда ишга киришишга аҳд қилдик. 

Вазиятни болаларнинг ота-онасига тушунтирдик. Уларга агар исташса, бошқа давлатга олиб боришлари мумкинлигини ҳам маълум қилдик. Лекин ота-она аввалги амалиётларимиз билан яхши танишиб чиқишгани, бизга тўлиқ ишонишларини билдирди. Бу ишонч ҳам бизга куч бағишлади.

 

Операция куни...

Ўтган йилнинг 16 декабрь кунига қадар Республика перинатал маркази жамоаси ўзаро маслаҳатлашди. Эгизаклар тўлиқ консилиум қилинди. Муассасадаги барча юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар текширувдан ўтказилди. Эксперимент тариқасида синов амалиётлари ўтказилиб, тиббий жамоа ҳам, технологиялар ҳам шай ҳолатга келтирилди. Шундан сўнг 19 декабрь куни операция белгиланди.

Амалиётни устозлар розилиги билан профессор Бахтиёр Эргашев бошлаб берди.

—    Амалиёт 3 соат давом этди. Болалар бир-бири билан жигар орқали бирлашгани ўз исботини топди. Болаларни ажратганда жигардан ва бошқа қон томирлардан қон кетишининг олдини олиш мақсадида ультратовуш ва аргон скалпели, шунингдек, “Bloodstop” деб аталган замонавий гемостатик материалдан фойдаландик. Натижада минимал даражада қон кетиши билан болалар ажратиб олинди, — дейди Б.Эргашев.

Омадни қарангки, беморларнинг ўт пуфаклари алоҳида-алоҳида шаклланган эди. Бу эса икки тана ажратилганида, бу аъзолар ўз вазифасини бекаму кўст бажаришини таъминлар эди.

Шундай қилиб, эгизаклар муваффақиятли ажратиб олинди. Операциянинг кейинги босқичида тиббий жамоа икки гуруҳга бўлиниб, иш олиб бориши керак эди.

Тиббий жамоа...

Сиам эгизаклари бир-биридан ажратилгач, Фотимахонни Бахтиёр Эргашев, Насриддин Эргашев ва Нурбек Эгамназаров, Зуҳрахонни эса Ҳабибулло Оқилов, Жавлон Мухторов ва Абдужамил Абдуғаниевдан иборат неонатал хирурглар жамоаси операция қилди.

Уларга Республика перинатал марказининг неонатолог, реаниматолог ва анестезиологлари У.Азимова, М.Шовазова, А.Қурбонова, Ф.Жўраева, Д.Халиқулова, М.Мирюнусова, шунингдек, малакали операция ва тиббий ҳамширалар гуруҳи яқиндан ёрдам берди.

Натижа...

Ушбу амалиётлар хирурглар тили билан айтганда “силлиқ” ўтди.

Операция хонасига бир вужуд сифатида олиб кирилган чақалоқлар икки мустақил организм сифатида олиб чиқилди. Ўта мураккаб амалиётни бошдан ўтказишгани ва нимжонлиги уларнинг тикланиш жараёнини секинлаштирди. Айниқса, Зуҳрахоннинг буйраклари меъёрдан анча кичик экани шу ерда ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Унинг саломатлигини тиклашда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар бўлими мутахассислари ҳам катта ҳисса қўшди.

Мутахассислар эндиликда “сиам эгизаги” деб аталмаётган ушбу болажонларнинг аҳволини стабил деб баҳоламоқда. Яқин кунларда чақалоқларни яшаш жойига чиқаришга умид қилинаяпти. Бу натижага эришишда бир ёқадан бош чиқариб ишлаган хирурглар, умуман, профессионал даражада иш олиб борган катта жамоа асосий рол ўйнади, дейилади ССВ маълумотида. Жамоа Вазирлик томонидан тақдирланган.

Маълумот учун: Сиам эгизаклари танасининг маълум бир қисми бирлашган ҳолда туғилади. Уларнинг ички органлари ҳам бирлашган бўлиши мумкин. Танаси туташ чақалоқларни вақти келиб жарроҳлик йўли билан ажратиш мумкин, бироқ умумий ички аъзоларга эга эгизакларни танасидан ажратиш деярли имконсиз.

Одатда, сиам эгизаклари 200 минг ҳолатда бир марта учраши мумкин. Маълумотларга кўра, уларнинг аксарияти ўлик ҳолатда дунёга келади. Тирик туғилганларининг 5 фоиздан 25 фоизгача бўлган қисми узоқ умр кўриш бахтидан бенасиб бўлади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
31
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар