Антикоррупция агентлиги собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдорларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганини расман маълум қилди. Бироқ бу даврга келиб собиқ вазир бошқа бир мансабда амалдор бўлиб ишлаб юрибди.
Катта миқдордаги коррупциялар аниқланади, лекин сен маълум муддат четроқда турасан ва яна ишларингни давом эттираверасан… Коруппицияга қарши шундай курашиладими?
Маълум муддат Девонда ишлаган Дилмурод Набиевнинг орқасида ким бор? Нима учун у раҳбарлик қилган жойларда коррупцион ҳолатлар аниқланса-да, Дилмурод Набиевнинг уларда жавобгарлиги кўриб чиқилаётгани йўқ.
Бир вақтлар Президент девонида фаолият юритган ҳозирда Қарши давлат университети ректори бўлган Дилмурод Набиев бошчилик қилган қатор ташкилотларда коррупция ҳолатлари аниқлангани айтилмоқда. Бироқ, Дилмурод Набиевга нисбатан ҳам иш очилганми, у ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинми? Ҳозирча ушбу саволлар ноаниқлигича қолмоқда.
Прокуратура Дилмируод Набиев бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирмоқда. Аммо, коррупцион ҳолатлар бўйича аллақачон жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳолатлар бўйича жавобгарликка тортилган мансабдорлар номини яшириш, коррупцияга қарши кураш шаффоф олиб борилмаётганини англатади.
Rost24.uz сайти Дилмурод Набиев раҳбарлик қилган ташкилотлар билан қизиқди ва у ердаги коррупцияга унинг алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказди.
Вазирликда ўзлаштирилган миллиардлар
Дилмурод Набиев вазирлик қилган даврда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида йирик миқдордаги коррупцион ҳолатлар аниқланган. Шунингдек, у раислик қилган воллейбол федерациясида ҳам прокуратура катта миқдордаги бюджет пулларини ўзлаштириш кузатилгани ҳақида хабар берган эди. Дилмурод Набиев фаолият юритган икки ташкилотда ҳам катта миқдордаги бюджет пуллари талон-тарож қилингани аниқланган бўлса-да, шу вақтгача Набиевнинг жавобгарликка тортилгани ҳақида ахборот берилган эмас. Набиев Қарши Давлат университетида ректорлик лавозимида ишлаб келмоқда.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан қуйидаги коррупцион ҳолатлар аниқланганини маълум қилган эди.
2019 йилда Италиянинг Пьедилуко шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган турнир ҳамда ўқув йиғини машғулотида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирокини таъминлаш учун давлат бюджетидан 334,0 млн сўм, 20.680 Евро ва 1500 АҚШ доллари ажратилган. Бироқ, ўрганишлар давомида ушбу халқаро тадбирлар учун сарфланган маблағларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Шунингдек, вазирлик томонидан 2020 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан спорт жиҳозлари сотиб олиш учун “Машхим” МЧЖ, “Араббой спорт” ХК ва “Спорт жиҳоз люкс” ХКлари билан 45 та ҳолатда 15 млрд. сўмлик шартномалар тузилган. Ўрганишда 6 та шартнома бўйича сотиб олинган 2,9 млрд сўмлик жиҳозларнинг фойдаланиш учун тарқатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Юқорида қайд этилган талон-тарожликлар айнан Дилмурод Набиев (2018-2021) вазирлик қилган даврларга тўғри келади.
Набиев раислигидаги воллейбол федерациясида яна коррупция
Бундан ташқари, Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон воллейбол федерациясида ҳам катта талон тарожликлар қилингани фош этилган эди. Дилмурод Набиев 2019 йилда воллейбол федерациясига раислик қилган.
Прокуратура хабарида айнан собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғига асосан, Федерацияга 54 нафар спортчилар билан 23 кунлик ўқув-машғулот йиғини ўтказиш учун бюджетдан 445 млн. сўм ажратилган бўлса-да, амалда 10 кун ўқув-машғулот йиғини ўтказилиб, 231 млн. сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилгани айтилади.
Ва яна терма жамоа ва унинг захираси таркибига киритилмаган 29 нафар спортчини турли спорт йиғинларига юборилиб, 75 млн. сўм маблағлар асоссиз сарфлангани ҳам айтилган.
Бироқ, бу талон тарожликлардан кейин ҳам Дилмурод Набиевга нисбатан ҳеч қандай иш очилмади. Бир ташкилот катта коррупцияга йўл қўйса-ю, раҳбарнинг бунда алоқаси бўлмаслиги мумкинми? Бу камида уни бошқарувни эплолмаганини англатмайдими? Аммо, шундан кейин ҳам Дилмурод Набиев фақат раҳбар ва масъул лавозимларда ишлаб келмоқда.
Дилмурод Набиев нима дейди?
Rost24.uz сайти ўтган йили бир неча бор Қарши Давлат университети матбуот котиби билан боғланган ҳамда коррупцион ҳолатларда Набиев қанчалар алоқадорлиги бўйича маълумот олишга уринган. Матбуот котиби саволларимизни очиқ қолдирган. Д.Набиевнинг ректор сифатидаги тармоқлардаги саҳифасига ҳам бир неча бор саволлар билан қилган мурожаатларимиз жавобсиз қолган.
Дилмурод Набиев на матбуот котиби ва на саҳифаси орқали бизга жавоб қилмаган. У ҳатто коррупцион ишларга алоқаси йўқлиги бўйича ҳам ахборот бермаган.
Эслатма, айни дамда собиқ жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг айрим мансабдорларига нисбатан Прокуратура идоралари томонидан Жиноят кодекси 167-моддасининг 3-қисми, «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.