Аномал ҳарорат сабабли чўзилган таътил муддатининг қачон тугаши ҳақида аниқ жавоб йўқ. Вазирлик эса сўнгги қарорни ҳокимиятдагилар чиқаради демоқда
Бизга мурожаат қилган талабаларнинг айтишича, ҳозирда ўзлари ўқийдиган таълим муассасаларида ўқишларнинг бошланиш муддати борасидаги ноаниқликлар уларни қийин аҳволга туширмоқда.
Гап шундаки, бошқа шаҳарларда ўқийдиган талабалар, жумладан, пойтахт олий таълим муассасалари талабалари йўллардаги ҳолат сабабли иккиланишмоқда. Бир томондан бир қанча поезд ва авиарейсларнинг бекор бўлаётгани, таксилар нархи газ эмас бензинда юргани сабабли қимматлашгани бўлса, иккинчи томондан, агар дарс бошланмаса яна ортга қайтамизми, деган савол уларни қийнамоқда. 18 январдан дарслар бошланади деб турилган бир вақтда эса турли телеграмм каналларида ўқишлар 30 январдан бошланиши ҳақида хабарлар берила бошланди.
Биз Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили билан бу саволга ойдинлик киритиш учун боғланганимизда, шундай жавоб олдик:
«Вазирлик томонидан академик ўқув йили ва режаларни амалга оширишга рухсат берилган. Ўқув жараёнлари вазиятдан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимиятлар билан биргаликда босқичма-босқич ташкил этиб борилмоқда».
Бундан кўринадики, барча олий таълим муассасаларида бир кунда дарслар бошланмайди, балки ҳар бир ҳудуд учун алоҳида кунлар белгиланиши мумкин. Шу сабабли талабаларда фақат ўзлари ўқийдиган таълим муассасаси билан алоқада бўлиб туришдан бошқа ечим қолмаяпти.