ФОЖИА: Сирдарёдаги портлаш — икки нафар фуқаро вафот этган, бир нафари жароҳатланди

16.01.2023 13:26

Куни кеча Rost24.uz сайтида «Беш кундан бери газ йўқ, берса ҳам ўчиб ёнаверади», хабари эълон қилинган эди.

Унда Сирдарё вилояти Ховос туманида содир бўлган чақнашда аҳоли видео орқали мурожаат этган аёл газнинг мунтазам ўчиб ёнаётгани бир оила бошига ташвиш тушишига сабаб бўлганини айтган.

Ҳодиса юзасидан Сирдарё вилояти ФВБ Ахборот хизматининг эълон қилган маълумотига қараганда, 15 январь куни соат 14:50 да Ховос тумани “Қаҳрамон” МФЙ Қаҳрамон кўчасида жойлашган 7-сонли кўп қаватли уйда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

Хабарда, чақнаш натижасида бинога қисман зарар етгани айтилган, лекин тасвирлардан ҳолат жиддий эканини кўриш мумкин.

Ҳодиса юзасидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги расмий ахборот берди:

Жорий йилнинг 15 январь куни соат 14:50 да Ховос тумани “Қаҳрамон” МФЙда жойлашган 2 қаватли бинонинг 1-қаватида содир бўлган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида 2 та хонадоннинг қурилиш конструкцияларига шикаст етган.

Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро вафот этган, бир нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага жойлаштирилган.

Ҳолат ҳақида хабар топган вилоят ҳокими ҳамда тегишли масъуллар ҳам воқеа жойига етиб борди ва вазият тўлиқ назоратга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар