Самарқанд вилоят ҳокимлигининг 97 миллион сўмлик сирли шартномаси

13.01.2023 22:34

Кеча эълон қилинган шартнома, бугун rost24.uz қўнғироғидан сўнг нима учундир бекор қилинган кўринади
 

Ҳокимлик солиқ тўловчилар пулини қандай сарфламоқда?  

97 миллион, балки бу сумма кимлар учундир оддий ва жуда кам маблағ дерсиз. Лекин шу маблағ давлат бюджетидан, сизнинг, яъни халқнинг ҳисобидан кетаётганини тушунишингиз керак. Шунинг учун ҳам солиқларимиздан кетаётган ҳар бир сумманинг ҳисобини сўрашга ҳақдор эканимизни сездик.



Rost24.uz сайти Самарқанддаги “Форумлар мажмуаси”даги бир кунлик тадбирни гуллар билан безатиш учун қилинган 97 миллион сўмлик шартномасини ўрганди. У билан боғлиқ фактлар шубҳали бўлиб чиқмоқда. На форум бор ва на 97 млн. сўмлик гуллар. Шартнома эгалари аввал турли баҳоналар айтиб, сўнг охир оқибат шартнома бекор бўлганини маълум қилишди.

Самарқанд вилоятидаги “Форумлар мажмуаси” комплекси Тошкентдаги “Настарин гуллари гроуп” МЧЖ билан мажмуани жонли гуллар бир кунлик безатиш учун салкам юз миллионлик (97 484 400) шартнома имзолаган. “Форумлар мажмуаси”ни безатиш учун ўтказилган тендерда иккита фирма ва бир нафар якка тадбиркор қатнашган бўлиб, икки фирманинг таъсисчилигида ҳам Ғуломов Саидбобур Саидмуротовичнинг номи бор.

Энг қизиғи, январь ойида Самарқанддаги “Форумлар мажмуаси”да йирик тадбир ўтказилиши режалаштирилмагани маълум бўлди. “Настарин гуллари гроуп” ҳам rost24.uz'га январь ойида Самарқанддаги “Форумлар мажмуаси”га хизмат кўрсатишни режалаштирмаганликларини ва шартнома ўтган йилги қарздорлик учун бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Форумлар мажмуаси”да ҳеч қандай форум йўқлиги маълум бўлгач, мажмуа раҳбари шартнома сабабини қуйидагича изоҳлади. Яъни, 97 млн. сўмлик шартнома мажмуа ичини гуллар билан безатиш учун эмас, балки ташқарига манзарали гуллар экиш учун қилинган.

 

Аниқланишича, “Форумлар мажмуаси” баҳорда экиладиган гулларни ҳозир арзонроқ вақтида сотиб олиш учун ўтказган. Бироқ, rost24.uz'нинг текширувига кўра, шартномада экиладиган гуллар эмас, балки ясатиладиган жонли гуллар сони номма-ном келтирилган. Мажмуа директори айтган уруғлар ва экиладиган гуллар ҳақида шартномада биронта маълумот йўқ.

Биз билан боғланган “форумлар мажмуаси” вакили эълон қилинган лот бекор бўлганини айтиб, “Бизга биогомус ва уруғлар керак эди. Уларда фақат жонли гуллар экан. Пул ҳам ўтмади ва лот ҳам бекор бўлди”, деди. Аммо, давлат харидларида 2023 йил, 12 январь санаси билан икки тарафлама имзоланган шартнома эълон қилинган эди. Расмий тараф икки томонлама имзолаганган ва эълон қилинган шартномани янглишга чиқарди. Демак, форум ҳам йўқ, гуллар ҳам йўқ. Кеча эълон қилинган шартнома эса, бугун rost24.uz қўнғироғидан сўнг бекор бўлгандек. 

Эслатиб ўтамиз, Ғуломов Саидбобур Саидмуротович қисман эгалик қилувчи Meadow компанияси 2020 йил 29 декабрдаги Форумлар саройида ўтган тантанали йиғилиш учун ҳам жонли гул бекзаклари билан хизмат кўрсатган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар