Бир қишлоқ мактабидаги бугунги ҳолат

12.01.2023 20:35

Бугун (2023 йилнинг 12 январь куни) Конимех тумани Шўркўл маҳалласида жойлашган 10-сонли умумий ўрта таълим мактабида соат 11.55 да қўнғироқ чалинди, аммо мактабга бирор ўқувчи келмаганди...

Мактабда 38 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади. Мактаб биноси таъмирталаб ҳолатда. Ўқув хоналарида ҳарорат паст даражада.

Мавсум учун олиб келинган 113 тоннадан ортиқроқ кўмирнинг сифати паст — маҳсулотнинг аксарият қисми қум, тош аралаш ва кукун ҳолатида.

Ёнғин ўчириш мосламалари, ёнғин бурчаклари ва зарур жиҳозлар мавжуд эмас. Маъмурият масъулларининг айтишича, туман халқ таълими бўлимидан келиб “срогини алмаштириб берамиз”, деб йиғиб олиб кетилган.

Мактабда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Конимех туман жамияти ходимлари томонидан айни вақтдаги аномал об-ҳаво шароитида мактаблардаги ўқув жараёнлари ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг натижадорлигини ўрганиш мақсадида жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш мақсадида 10 мактабга ташриф буюрди.

Ўрганиш жараёнида мактаб маъмурияти томонидан муассасада 143 ўқувчи таҳсил олиши ва шу куни 20 нафар ўқувчи машғулотларда иштирок этаётганлиги билдирилди. Аммо бирорта ўқувчи дарс машғулотларида иштирок этаётгани кузатилмади...

Давомад — 143 нафар боладан 20 нафар ўқувчи келган деганди, лекин синфларда ўқувчилар йўқ. Уларга ёзиб ташлашга светимиз ўчган, дейишмоқда ўқитувчилар.

Тегишли вазирликнинг таътилни узайтириш ва ёки ҳокимликларнинг ўқув жараёнларини бошлаш тўғрисидаги қарорлари тўғриси кўпчиликни “зериктирди”.

Барибирам, жамоатчиликнинг фикри, таклифи эътиборга олиниши шарт: биринчидан, айни вақтда таълим муассасаларида ўқувларни бошлашга эрта — бугунги кундаги совуқ об-ҳаво шароити шуни тақозо қилмоқда. 

Иккинчидан, таълим муассасаларида, айниқса, вилоятларда, чекка ҳудудларда куз-қиш мавсумига етарлича тайёргарлик кўрилмаган — муассасаларда иситиш тизимлари яхши ишламайди, ёнилғи (кўмир) маҳсулотларининг сифати паст даражада, электр таъминотида эслатмаларсиз, узоқ муддатларга ва тез-тез ўчирилиши реал ҳолат.

Келажак авлодларимиз — фарзандларимиз соғлиги биз учун қадрли. Ўйлаб хулоса чиқаришимиз ва зарур қарор қабул қилишимиз лозим.

Эслатиб ўтамиз, Навоий вилоятидаги мактабларда дарслар 12 январдан — Навоий шаҳридаги 21 та, Кармана туманидаги 32 та, Навбаҳор туманидаги 37 та, Қизилтепа туманидаги 43 та, Нурота туманидаги 11 та, Конимех туманидаги 14 та, Хатирчи туманидаги 72 та мактабларда қишки таътилдан кейинги дарслар  бошланиши маълум қилинган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
8
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар