Туман ҳокими этиб тайинланганига ҳали бир йил бўлмаган Шовот тумани ҳокими Одилбек Артиқов яқиндагина хизмат интизомини бузиб келгани учун ҳайфсан билан жазоланган эди.
Бугун эса тармоқларда ҳокимнинг мактаблардаги иситиш тизимлари иссиқлигини текшираётган (аслида ҳоким бу суратларни ўз “пиар”и учун олдирган бўлиши мумкин), ўхшамай қолган “ПИАР” суратлари тарқалди.
Суратда ҳоким текшираётган иситгич умуман тизимга уланмагани кўриниб қолган. Сурат ва мақола эса ҳокимнинг мактаблар иситиш тизимини кўздан кечираётгани ҳақида бўлган. Ҳоким тизимга уланмаган иситгични гўёки иссиқлигини текширмоқда. Одилбек Артиқовнинг бу сурати ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳокимлик фаолияти сохта пиарчиликда айбланди.
Маълумотларга кўра, Шовот тумани ҳокими Одилбек Артиқов ноябрь ойида ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармасдан, хизмат интизомини бузганлиги учун интизомий жазога тортилган. Артиқовга нисбатан Меҳнат Кодексининг 181-моддасига асосан “Ҳайфсан” берилган эди.
Эслатма, Одилбек Артиқов 2022 йилнинг март ойида Шовот туманига ҳоким этиб тайинланган эди. Бунга қадар у Хоразм вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган.