Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг Rost24.uz мухбирига хабар қилишича, 9-15 январь кунлари Ўзбекистонга кириб келаётган аномол совуқ шароитида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиш таъминланади, газ қуйиш шохобчаларидаги чекловлар давом эттирилади, ишлаб чиқариш корхоналарига газ етказиб бериш ҳажми камайтирилади ҳамда ундан тежалган электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади.
Шунингдек, тизимдаги авария ҳолатларини олдини олиш учун тасдиқланган графиклар асосида қисқа муддатли чекловлар қўйилади. Совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши сабаб чеклов графикларига қатъий амал қилинади ҳамда икки соатдан ошмаган вақт оралиғида ҳудудлар кесимида жорий этилаётган чеклов графиклари барча вилоятларнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилинади.
Аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун электр ва газ таъминоти корхоналарида туну кун ишлайдиган 1000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу совуқ кунларда иш берувчилар ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларида меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаш зарур, агар ходимларнинг иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, улар онлайн ишлашига рухсат берилиши керак. Пандемия бундай форматда ҳам берилган вазифаларни самарали бажариш мумкинлигини кўрсатди. Иш соатларини, айниқса, очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун қисқартириш мақсадга мувофиқ. Имкон қадар ходимлар учун иссиқ ичимликлар ташкил қилиш, совуққотиш ҳолатларининг олдини олиш учун танаффус бериш ёки ўрин алмаштириш, йирик савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида иссиқ чой беришни ташкил қилиш, жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш каби таклифларни билдирди.
Бундан ташқари истеъмолчилар электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки«Телеграм»даги @HET_admin администратор, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104, 104 ёки фейсбук ижтимоий тармоқдаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамлари ва @Uzbekcoaluz_bot «Телеграм» ботга мурожаат қилишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида ҳам совуқ тушишидан олдин мутасаддилар чекловлар икки соатдан ошмаслигини ваъда қилишган. Лекин, кунлар совиши билан суткалаб энергия узидишлари бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлаган эди.