Саудияда энди аёллар эркак қариндоши ҳамроҳлигисиз Ҳаж зиёратини адо эта олади

06.01.2023 10:44

Фақат у аёллар гуруҳи таркибида ҳаж зиёратига бориши керак.

Саудия Арабистонида биринчи марта Ҳажга  муслима аёл билан бирга бўлган маҳрам – яқин қариндоши – эркак ҳамроҳлигисиз ҳужжат топширишлари мумкин бўлади.  Бу ҳақда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра (кичик зиёрат) вазирлиги расмий сайтида пайшанба куни эълон қилинди, деб хабар берди ТАСС.

Саудия Арабистони вазирлиги жорий мавсумда Ҳаж зиёратига бориш истагида бўлганлар, жумладан, қиролликда яшаш учун рухсатномага эга бўлган саудиялик аёллар ва мусулмон аёлларни муддатидан олдин рўйхатга олиш имкониятини эълон қилди. Рўйхатга олиш қоидаларига кўра, электрон шаклга ҳамроҳлик қилувчи шахс ёки маҳрам (эр, ака, ота ёки ўғил) қўшилади. Шу билан бирга,  бу шахсларнинг қўшилиши ихтиёрий эканлиги ҳам қайд этилган.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазир ўринбосари Абдул Фаттоҳ Машатнинг айтишича, мамлакат расмийлари «бу йил ҳаж зиёратига борувчи аёллар учун маҳрам бўлишини талаб қилмасликка» қарор қилган. 

Маълумот учун, 2023 йилда Ҳажнинг асосий маросимлари июнь ойининг сўнгги ҳафтасида бўлиб ўтади.

Ўзбекистонда Ҳаж амалларини бажараётган аёллар учун бу тартиб бекор бўлган бўлмагани ҳақида Мусулмонлар идораси ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Ўтган йилларда  45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.)нинг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этиш сўралган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар