Авторақамлар савдоси авжида: Одамлар чиройли рақамларга шунчалик ишқибозми?

05.01.2023 10:19

Ёки автомобиль сотиб олувчилар оддий рақамлар йўқлиги сабабли аукционда сотиладиган рақамлар олишга мажбур бўлишяптими?

2022 йилда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz электрон савдо тизимида 304,1 млрд сўмлик 118 мингдан зиёд авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Бу ҳақда «ЎзРТХБ» АЖ PR бўлими хабар берган.

Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 494,9 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса – 348,0 млн сўмни ташкил қилди.

Автомобиль сотиб олган бир неча киши ўртасида сўраб чиқдик. Йил бошида автомобиль олган фуқаро рақамлар олишда муаммо бўлмаганини айтди, йил  охирида автомобиль олганлар эса уларга фақат аукциондаги рақамлар таклиф этилганини маълум қилишди. 

Йил якуни бўйича берилган ҳисоботга кўра, Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 5% биринчи тоифадаги авторақамлар, 8% – иккинчи, 8% – учинчи, 11% – тўртинчи, 22% – бешинчи ва 46% – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.
 

Йил ўртасида берилган маълумотда эса битимларнинг салмоқли қисми, яъни  29% биринчи тоифадаги авторақамлар, 22% – иккинчи, 13% – учинчи, 9% – тўртинчи, 12% – бешинчи ва 15% – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келганини кўриш мумкин.

Бу рақамлардан йил охирида айнан арзонроқ рақамларнинг сотилганини кўриш мумкин.

Айнан олтинчи тоифанинг рақамларига тўхталиб ўтсак.  Масалан 720, 730, 601, 607, 611, кабилар айнан шу тоифага киради. Уларнинг баҳоси аукциондаги энг паст баҳодаги рақамлар саналади. Яъни рақамлар жойлашувига қараб Базавий ҳисоблаш миқдорининг (300 минг сўм) 2-5 баравари миқдорида тўлов қилинади. Лекин, уларни аукцион нархидагина оласиз.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (31%) Самарқанд ва Қашқадарё (8% дан), Наманган, Андижон ва Сурхондарё (7% дан), ҳамда Хоразм (6%) вилоятларида харид қилинган.
 

Биз сўраган харидорлар ҳам айнан Тошкент шаҳридан автомобиль сотиб олишганини айтишди.

Маълумот учун, 2020 йил давомида аукцион савдолари орқали 98 898 та давлат рақами белгиси, 243 миллиард 185 миллион 752 минг 610 сўмга сотилган.

2021 йилда эса 298,8 млрд сўмлик 139,4 мингдан зиёд авторақамлар сотилган.

Авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80% – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20% – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар