РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Сайтимизда “Сирдарёнинг янги ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳам бошладими?..” материали эълон қилинган эди. Унда маънавият тадбири учун йил сўнгида Сирдарё вилоят ҳокими аҳолининг "маънавиятчи" ва санъаткорлар билан учрашувига атаб 120 млн. сўм ажратгани хабар қилинганди.
Мазкур хабарга Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилоят бўлими муносабат билдирибди:
"Rost24.uz — ахборот-таҳлилий сайтининг телеграмдаги саҳифасида эълон қилинган Сирдарё вилоятида ўтказилган маънавият тадбирларига сарфланган маблағлар ҳақидаги ҳабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-340-сон қарорига асосан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида Сирдарё вилоятда жорий йилининг 11-15 октябрь кунлари “Маданият карвони” ва “Маънавият фестивали” ўтказилди.
Мазкур маънавият тадбирлари доирасида таниқли халқ шоирлари, адиблар, фан арбоблари, маданият ва санъат ходимлари, Маданият вазирлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази масъулларидан иборат 160 нафар “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари барча вилоятлар қатори Сирдарёга ҳам ташриф буюрган.
Улар иштирокида вилоятнинг барча туман-шаҳарларида маънавий-маърифий тадбирлар — миллий кўргазмалар, бадиий фильмлар намойиши, концертлар, халқ ўйинлари, ижодий учрашувлар ҳамда турли хилдаги танловлар ташкил қилинди. Шунингдек, маҳалла ва мактаб кутубхоналарига 15 000 мингдан зиёд бадиий китоблар тортиқ этилди. Харажатлар тўлиқ маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қопланди. Жараёнларда вилоятнинг 93 450 нафар аҳолиси, аксар ёшлар қамраб олинди.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур тадбирлар учун ажратилган маблағларнинг барчаси манзилли чора-тадбирлар асосида мақсадли сарфланган."