Ошган нархлар, деярли ўзгармаган аттракционлар... хусусийлашган "Ғафур Ғулом парки"да нималар ўзгарди?

26.12.2022 17:34

Афсуски, дарвозалардан бошқа деярли ҳеч нарса ўзгармаган
 

Узоқ йиллик шов-шувлардан сўнг тинчгина, ҳеч қанақа ҳашаматли шов-шувсиз, маросимсиз, жамоатчиликнинг гап-сўзларидан сўнг деярли мажбуран очилган “Ғафур Ғулом боғи” ўзи узундан узоқ рўйхат қилиб берган ваъдаларини бажардими? 

Боғ чиндан улар айтгандек даражадами, сифат, янгиликлар, янги қурилмалар улар айтганидек борганларни ҳайратлантиряптими?

«Шундоқ ҳам ўзи гавжум ва файзли бўлган Ғафур Ғулом паркини исми шарифи ўзбекча, лекин қоғозларда «Сингапурлик инвестор»га (яъни шунчаки Сингапурдан фирма очган ҳисоб рақамида 1000$ пули бор ўзбек) бериб юборилган» "Dream park" да шунчаки аттракционлар сал янгиланибди. Ҳеч қанча ўзгариш бўлмаган. Шунда бу парк шахсийми энди…» каби ижтимоий тармоқларда тарқалган фикрларни кўриб, яна боғ томон йўл олдик. Орадан йиллар ўтиб кетди, ахир кечиккани эвазига ҳеч бўлмаса ваъдалар ортиғи билан бажарилгандир?

Аммо Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, истироҳат боғи маъмурияти томонидан берилган, умумий ҳисобда 45 та турли аттракционлар барпо этилиши, 300 ўринга мўлжалланган 2 та амфитеатр қурилиши, қисқа муддатли болалар боғчаси, тантанали тадбирларини ўтказиш иншоотлари, картографик фаввора, хорижий ва маҳаллий адабиётлар билан бойитилган ўқув залига эга бўлган кутубхона, махсус техник воситаларга эга спорт майдончалари, умумий овқатланиш шохобчалари, қишки ёпиқ дам олиш маркази, кўл атрофида югуриш йўлакчалари ташкил этилиши, инвесторга лойиҳадан четлашиб, кўнгилочар масканга тааллуқли бўлмаган бино-иншоотлар қурилиши кузатилса, шу заҳоти шартнома бекор қилиниши, реконструкция ишлари олиб борилиши жараёнида боғдаги дарахтларга умуман зиён етказилмаслиги, аксинча янги турдаги дарахтлар экилиши ҳисобига боғнинг яшиллик даражаси ортиши ҳақидаги чексиз ваъдаларнинг исботини кўриш насиб қилмаган шекилли.

Ҳеч қаерда алоҳида, ноёб аттракцион, қурилма кўринмайди. Шу ўзимиз кўрган оддий қурилмалар ва аввалги, аммо бироз кичрайтирилган кўл. Чала қурилган овқатланиш шохобчалари Тошкент сити, Межик сити, Янги Ўзбекистон боғи каби тахминан бир тадбиркорга тегишли савдо-кўнгилочар марказларини такрорлайди. Бу ерда ҳам ўша турк кафелари, фаст-фудлар.

Четларда синган ва кўчиб турган плиталар, энг чеккадан ўтган ариқнинг ичидаги тиқилиб ётган чиқиндилар, яқиндагина қурилгану, аммо занглаб ётган турли иншоотлар эътиборни тортади.

Кесилган дарахт тўнкаси эса, печак ўти ўралганида «қуриб қолгани» учун кесилган бўлса керак.

Мустаҳкам қурилмаган, жойидан кўчиб кетган плиталарни кўриб, бу ердаги аттракционлар ҳам шундай тарзда қурилган бўлсая, деган шубҳа тушади кўнгилга. Ахир ҳар куни қандайдир фожиалар юз бериб, болалар ҳалок бўлиб турган юртда ўзимизни, фарзандларимизни ўзимиз асрамасак, ким билсин, ҳамма нарса юз бериши мумкин.

Ўзгаргарган нарса асосан нарх бўлибди. Ёпилишидан олдин 2-5 минглик аттракционларда энди турига қараб 7-20 минг пул тўлашингиз керак.

Хуллас, бизни алдашди. Бизга ваъда берилган у ноёб истироҳат боғи йўқ бу ерда. Илгариги ўзимизнинг эски Ғафур Ғулом боғидан аълороқ жойи йўқ. Дарвоқе, боғнинг киришидан ҳеч қандай Ғафур Ғулом боғи деган ёзув йўқ. Албатта, баъзи жойларида олиб ташлашга улгурилмаган, ўша эски паркдан қолган ёзувларни топиш мумкиндир балки, аммо боғ ичида ва асосий дарвозада ҳеч қандай ном йўқ.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
24
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар