Ўзбекистон Президенти АҚШ элчисига нималар деди?
Декабрь ойининг илк ҳафтасида пойтахтда ҳам энергетик тақчиллик ва бу тизимдаги камчиликлар жиддий сезилди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ва элчихона ҳам бу муаммолардан четда қолмадими? Умуман олганда АҚШ Ўзбекистоннинг энергетик муаммоларига қандай ёрдам бера олади?
«Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомова АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник билан Вашингтонда суҳбат қурди.
Элчи Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятни қўллаб-қувватлаш ҳамда долзарб муаммо бўлиб қолаётган энергетика бўйича ҳамкорлик, ёрдам ҳақидаги саволларга жавоб берган.
Шунингдек, у президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви давомида бўлган суҳбат ҳақида ҳам тўхталиб ўтган:
— Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича муовини лавозимида бўлганимда Шавкат Мирзиёев билан Тошкентда бир марта учрашган эдим. Мана яна мулоқот қилиш шарафига муяссар бўлдим. Ўзбекистонни олдиндан билганим ва бу ерда яшаб кўрганим учун бугунги вазиятга тўғри баҳо бера оладиган одамлардан бириман. Ўзгаришларни таҳлил қилиб, ислоҳотлар жараёни нақадар қийин эканини тушунишим менга осонроқ бўлиши керак, чунки қиёслай оламан. Биз сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни янада кучайтириш ҳақида гаплашдик. У биздан ислоҳотларни қувватлашда давом этишимизни сўради. Афғонистон хусусида ҳам сўзлашдик. Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатим қисқа, аммо жуда мазмунли кечди, дейди элчи.