Ортиқхўжаев қарори билан Алламжонов оталиғидаги мактабга салкам бир миллиард ажратилди

21.12.2022 18:33

Алламжонов оталиққа олган мактабга Ортиқхўжаев маблағ ажратди. Алламжонов «оталиққа олдим», деганда мактабни одатий бюджет маблағи эвазига юқори технология билан таъминлашни назарда тутганмиди?

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 19 декабрь санасида Олмазор туманида жойлашган 134-мактабни электрон доскалар билан таъминлаш учун 783 миллион сўм пул ажратган. Электрон доскаларнинг нархи интернет дўконларидаги эълонларга қараганда ўртача 3 миллиондан 10 миллионгача  эканлигини кўриш мумкин. 

Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов шу йилнинг 26 июль санасида 134 мактабни оталиққа олганини маълум қилган эди.

 У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «Ўзим ўқиган Қорақамиш-2/4, Тансиқбоев 3 массивида 134-мактабни ўз ҳисобимдан оталиғимга олдим. Бу ерни спорт майдонларидан тортиб, ўқиш сифати, китоблар ва ўқитувчилар малакасини ошириш, янги технологияларни жорий этиш бўйича апробация мактабига айлантирмоқчимиз», дея пост қолдирган эди. Алламжонов оталиққа олган мактабни давлат бюджети эвазига юқори технологиялар билан таъминлашни назарда тутганмиди? 

 

Тошкент шаҳрида маблағ ва таъмирланишга муҳтож қатор мактаблар мавжуд бўлган бир вақтда, ҳокимлик айнан президент администрацияси раҳбарияти вакили томонидан оталиққа олинган мактабга маблағ ажратди. Айнан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилиши кечиктирилиши ва маблағ етишмаслиги туфайли қатор мактабларда ўқувчилар икки сменали равишда ўқиб келмоқда. Ҳамда қатор мактаблар таъмирланишга муҳтожлигича қолмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар