— Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов молиявий манба, миллиардларни танлайдими ёки миллат генофондини сақлаб қолувчи қонунними?
— “UZBAT A.O.” АЖ снюс ва тамаки маҳсулотларини чекловчи қонунни тўхтатиш мақсадида лоббистлик қилаяптими, Сардор Умрзоқовдан нажот кутишмоқдами?
Бу саволлар айни пайтда кун тартибига чиқмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунни Сенатга тақдим этган. Бироқ, Сенат ҳамон мазкур Қонунни ёқлаётгани йўқ. Мазкур қонун лойиҳасида айни дамда сотувда бўлган снюсни (таркибида никотин бўлган маҳсулот) чеклаш назарда тутилган. Қонун лойиҳасидаги снюс чекловларидан норози бўлган “UZBAT A.O.” АЖ Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовга хат билан мурожаат қилди.
Хатда “UZBAT A.O.” С.Умрзоқовдан Ўзбекистон ичида снюс маҳсулотининг сотуви ва истеъмолга қўйилиши кутилаётган тақиқни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилган. Улар ўз сўровларини оқлаш мақсадида снюсни зарар келтирмаслиги ҳақида маълумотлар келтирган. Бироқ, шифокорларнинг таъкидлашига кўра, Ўзбекистонда ўсмирлар орасида бир неча марта снюсдан заҳарланиш ва ўлим ҳолатлари ҳам кузатилгани айтилади. Шу жумладан, Россияда ҳам снюс истеъмолидан ўлим ҳолати қайд этилган.
UZBAT A.O.” АЖ Сардор Умрзоқовдан снюсларни чеклашни тўхтатишни сўрар экан, ўзининг Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчи эканлигига ишора қилган ҳамда снюс ишлаб чиқариши билан боғлиқ йирик инвестициялар киритилаётганини рўкач қилган.
Шу ўринда шифокорлар снюс ва тамаки маҳсулотлари сабабли миллат генофондига жиддий зарар етиши мумкинлигини таъкидлаб келмоқдалар. Ўзбекистонда ортиб бораётган онкологик касалликлар ҳам асосан тамаки ва никотинли маҳсулотлар истеъмоли ортидан келиб чиқиши айтилади. Ўзбекистон бюджети тамаки маҳсулотларидан келиб чиққан онкологик касалликларни даволаш учун ҳам маблағ ажратиб келади. Қолаверса, Ички ишлар Бош бошқармасининг маълумотига кўра айнан снюс маҳсулотини истеъмол қилган ўсмирлар орасида жиноятчилик ортган.
Сенат ҳамон «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунни тасдиқлаган эмас.
Эндиликда Сардор Умрзоқов ҳам йирик солиқ тўловчи UZBAT A.O. АЖ хатига ижобий жавоб берадими ёки миллат генофондини сақлаб қолиш учун қонун лойиҳасини ўзгартирмаган ҳолда қабул қилинадими?
Бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда.