Миллиардларни ютаётган Орол денгизи: Орол минтақасига ажратилган пуллар Оролни обод қилаяптими?

16.12.2022 11:08

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Вашингтон шаҳрида Оролбўйи минтақасини қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғиш бўйича хайрия тадбирида иштирок этган. Тадбир АҚШнинг "Project C.U.R.E. хайрия ташкилоти билан амалга оширилган. 

Норовгача ҳам бир қанча ўзбек амалдорлари Орол бўйини қўллаш учун турли халқаро ташкилотлардан маблағ ажратилишига эришганлар.

Шу йилнинг 10 ноябрь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Орол денгизи ҳудудида чўлланишнинг салбий оқибатлари билан курашиш мақсадида 1,6 миллион АҚШ доллари миқдорида ажратганини эълон қилган эди.
Йиллар давомида турли халқаро ташкилотлар ва бюджет маблағлари томонидан Оролни қутқариш учун  миллиардлаб маблағлар ажратиб келинган. 

Владимир Норовнинг (АҚШ) Вашингтонда Оролбўйи минтақасини қўллаб-қувватлаш учун маблағ йиғиш бўйича хайрия тадбирида иштирок этиши баҳонасида, Rost24 сайти йиллар давомида Орол ва Орол бўйи минтақасини ривожлантириш учун ажратилган маблағларни тўплади.

Ёпиқ жамғарма

2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган. Жамғарма Орол бўйини ривожлантириш учун ажратилган маблағ ва унинг натижалари бўйича аниқ ва очиқ мониторинг ёки аудит маълумотларини доимий равишда оммага очиқ тақдим этиб келмайди. 
Шунингдек, 2017 йилгача Орол минтақасига ажратилган маблағлар мониторинги ҳукумат томонидан оммага тақдим этилмаган.

1,6 миллион АҚШ доллари

(USAID) томонидан ажратилган 1,6 миллион АҚШ доллари  (ERAS II) лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа Орол денгизининг Ўзбекистон қисмида янги ўрмон экинларини ўтқазиш орқали ҳудудда ҳаво сифати ва яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга йўналтирилган.

25 йил муддатга 150 миллион АҚШ доллари

Жорий йилнинг сентябрь ойида Осиё тараққиёт банки Орол бўйи минтақаси учун ажратажак маблағлар ҳақида ахборот берилган эди. Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон Республикасига 25 йил муддатга, шу жумладан, беш йиллик имтиёзли даврга 150 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратишини маълум қилган.  Ушбу маблағлар «Иқлим ўзгаришига мослашишни ҳисобга олган ҳолда Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини бошқариш» лойиҳасини амалга оширишга йўналтирилиши кўзда тутилган.

19 миллион АҚШ доллари

2021 йилда Жаҳон банки томонидан Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришига мослашиш дастурини амалга ошириш учун 19 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилгани ҳақида хабар берилган.

100 млрд. сўм

2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар”ни ташкил этиш тўғрисидаги қарори ҳам ҳудудга катта маблағ ажратишни кўзлаган эди. Қарорга кўра, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси олдидаги қарздорлиги ҳисобидан босқичма-босқич 100 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган.

3 млрд. АҚШ доллари

2014 йил октябрида Ургенч шаҳрида Орол денгизи муаммоларига бағишланган халқаро анжуманда Орол денгизи ва минтақадаги экологик фожиа оқибатларини юмшатиш учун 3 млрд. доллар ажратилишини маълум қилинган. Унда Халқаро молия институтлари томонидан бериладиган 2,15 млрд. доллар ва Ўзбекистоннинг ўзи ажратадиган маблағлари назарда тутилган.

Илк маблағлар 2 млрд. АҚШ доллари

1993 йил январида Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан Оролни қутқариш халқаро фонди тузилган эди. 2008 йил декабридан бошлаб фондга БМТ Бош ассамблеясида кузатувчи мақоми берилган. Халқаро фонд аъзоларининг лойиҳани амалга ошириш учун 2003-2010 йилларда қўшган ҳиссалари 2 миллиард долларни ташкил қилган.

Орол минтақасига ажратилган пуллар Оролни обод қилаяптими? Ҳозирча бу саволга батафсил жавобимиз йўқ. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар