Танзила Норбоеванинг қизи аризани қайтариб олди, аёл қамоқдан озод қилинди

14.12.2022 16:43

Сенат раиси эса бу ўғриликдан хабари бўлмаганини айтмоқда

Сайтимизда "Танзила Норбоева қизининг уйига ўғри тушди — 12 500 доллар маблағ ўғирланди" хабари эълон қилинган эди. Унда жорий йилнинг 2 декабрь куни фуқаро Д.Т. Танзила Норбоева қизининг уйидан 12 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўғирлашда айбланган. У шу хонадонда энага бўлган. Гумонланувчини 2 декабрь куни соат 23.10 да Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 227-моддаси асосида ушлашган, уни ўғирликда айблашмоқда. Орадан ярим соат ҳам ўтмай 23.45 да жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси М. Кукиев энагани қамоққа олишга санкция берган.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева қизининг уйидаги бу ўғриликдан хабари бўлмаган. Ички ишлар ходимларининг амалдорга алоқадор уйдаги ўғриликни тезкор равишда очганликларига Т.Норбоеванинг тўғридан тўғри таъсири бўлмаган. У бу ишларни тезкор ҳал қилинишини ҳеч кимдан сўраманган. Шунингдек, айни дамда Норбоеванинг қизи аризасини қайтариб олган ва аёл қамоқдан чиқариб юборилган. 

Бу ҳақида хабарни rost24.uz сайтига Т.Норбоеванинг матбуот котиби маълум қилди. Сенат раисининг қизи Ўзбекистоннинг барча фуқаролари қатори ўғриликдан жабр кўриб, ИИВ ходимларига мурожаат қилган, дейди котиб.

Аммо, ИИВ ходимларининг мансабдор шахс уйидан тушган мурожаатга тезкор равишда ҳаракат қилганликлари фуқароларда ҳайрат уйғотмоқда. Мансабдор шахс фарзандининг уйида 12 минг АҚШ доллари сақланиши эса алоҳида масала.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
24
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар