Аслида муаммо ИИБ аралашуви билан «мелисалар» услубида «тинчитилган»
Кўкдала туман мутасаддилари туғруқхонадаги она-болаларни чиқариб юбориш билан муаммони ҳал этишган.
Бугун Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чияли бўлинмаси туғруқхонасида электр энергияси йўқлиги сабабли гўдаклари совуқда қийналаётгани оналар томонидан баён этилган видеомурожаатни сайтимизда эълон қилган эдик.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ушбу муаммога дарҳол муносабат билдирди.
«Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Чияли бўлинмаси, яъни қишлоқ участка шифохонасида 2022 йил 11 декабрь куни соат 03:30 да электр энергиясида узилиш кузатилган. Аммо иссиқлик таъминотида узилиш бўлмаган.
Шифохонада 4 кун аввал жами 7 нафар аёл фарзандли бўлган, 11 декабрь соат 12:00 да уларнинг 6 нафарига уйга жавоб берилган. 1 нафар аёл чақалоғи билан Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмаси шифохонасига кўчирилган. Ҳозирда она ва болаларнинг саломатлиги яхши, шифокорлар назоратига олинган.
Айни пайтда шифохонада электр таъминоти тикланди. Муассаса қўшимча электр генератори билан таъминланди», дейилади ССВ Матбуот хизматининг муносабатида.
Ушбу муносабатда келтирилган фактлар бизда шубҳа уйғотди. Чунки ССВ муносабатида «2022 йил 11 декабрь куни соат 03:30 да электр энергиясида узилиш кузатилган. Аммо иссиқлик таъминотида узилиш бўлмаган», дейилади. Аслида ўзи йўқ бўлган электр энергиясида қандай узилиш бўлиши мумкин? Бунинг устига, видеомурожаатда иситиш тизими ҳам электр таъминотига боғлиқлиги айтилган бўлса, иссиқлик таъминотида қандай узилиш бўлмайди?
Шунингдек, муассаса қўшимча электр генератори билан таъминланди, дейилган. Бутун бошли шифохонадаги электр билан боғлиқ муаммоларни биргина генератор билан бартараф этиб бўлармикин?
ССВ муносабатида келтирилган важлар қанчалик тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун мазкур шифохонадагилар билан боғландик.
Маълум бўлишича, вазият аслида бошқача бўлган экан.
Асл ҳақиқат шуки, Кўкдала ТБга қарашли Чияли бўлинмаси туғруқхонасидаги муаммони ўрганиш учун Соғлиқни сақлаш мутасаддилари эмас, Ички ишлар мутасаддилари ташриф буюрган.
Туғруқхонадаги 1 нафар аёл чақалоғи билан Кўкдала тумани ТБ шифохонасига кўчирилган. Бошқа барча беморлар эса чиқариб юборилган.
Исмини ошкор этишимизни истамаган мурожаатчининг (исми шарифи таҳририятга маълум) айтишича, муаммони ҳал этувчилар аҳолиси 100 мингдан зиёдни ташкил этадиган ҳудудга хизмат қилаётган кичкинагина туғруқхонани ёпиб юбориш билан таҳдид қилишган.
Шунингдек, видеомурожаатни тасвирга олган икки нафар ҳамширадан келгусида бундай мурожаатлар ташкил этмаслик ҳақида тушунтириш хати ҳам олинган экан.
Қисқаси, Ички ишлар ходимлари шароити йўқ туғруқхонадаги она-болаларни чиқариб юбориш билан муаммони ҳал этишган.
Мазкур туғруқхона бўйича тайёрланган махсус видеода беморларсиз шифохона барча муаммолардан ҳоли тарзда кўрсатилган. Иситиш тизими жойлашган хонача эшиклари ҳам тасвирга олиш учун илк бор очилаётгани кўриниб турибди. Иситиш тизими эса таппида ёқилмоқда. Тасвирга олиш учун таппи топилибди, аммо қиш тугагунча таппини ким беради?