2022 йил январь-ноябрь ойлари давомида Халқ банки томонидан аниқланган коррупцион ҳолатлар туфайли банкнинг 274 нафар ходимига интизомий чоралар кўрилган.
Бу маълумот, республика “Халқ банки” бош идорасида “9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан ўтказилган "Очиқ эшик" лар кунида мутасаддилар томонидан айтилди.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда “Ички назорат ва комплаенс департаменти” тўғрисидаги низом ва 10 та меъёрий ҳужжат ҳам ишлаб чиқилгани, банкда комплаенс тизими қандай йўлга қўйилгани, фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Хўш, комплаенс тизимида антикоррупция ҳолатлари бўйича ижобий ўзгариш бўладими?
Бу банкда антикоррупция бўйича ижобий ўзгариш рўй бергани кафолати бўла оладими?
Шу тизим йўлга қўйилгандан буён ўтган йилдаги ҳолатларга нисбатан бу йилги коррупция кам бўлди деб айта оласизми?
Rost24.uz мухбирининг бу саволларига Халқ банки бошқарув раиси ўринбосари Фарруз Рузиев жавоб берди:
— Комплаенс тизими бу коррупсияга қарши курашиш агентлиги ташкил қилингандан кейинги даврда халқаро талаблардан келиб чиқиб, комплаенс тушунчаси кенг жорий қилиб бошланди. Лекин ундан олдин ҳам тижорат банкларида, марказий банк талаблари ва халқаро базел 3 стандартларидан келиб чиққан ҳолда комплаенс тизими юритилган яъни ички назорат тизимида бу ўша ҳимоянинг иккинчи чизиғида ва албатта камайди деб бемалол айтиш мумкин. Статистикалар юқорида келтирилиб ўтилди. Бу статистикани биз ҳам ҳар доим таҳлил қилиб борамиз. 2022 йили ўтган 11 ой давомида аниқланган коррупсиявий ҳолатлар билан 2021 йилни солиштирадиган бўлсак Халқ банки тизимида 34 % га камайганлигини кўришимиз мумкин, — дейди бошқарув раиси ўринбосари Фарруз Рузиев.