Собиқ раҳбар ўзининг ноқонуний бўшатилганлиги, раҳбарлик фаолияти давомида бир қанча ишларни амалга оширганлигини баён қилган.
Одамларда ҳақиқатдан ноҳақ бўшатилган экан деган тушунчани ҳосил қилиш учун собиқ раҳбар ижтимоий тармоқларда имкон қадар бонг урмоқда.
Албатта бу мавзу барча билганлар қатори бизда ҳам қизиқиш уйғотди. Эшитган қулоғимизга ишонмасдан ушбу муаммони ўрганиш учун Навоий халқаро аэропортида бўлиб, вазиятни жойида ўз кўзимиз билан кўрдик. Эшитганларимиз билан кўрганларимиз эса умуман тубдан фарқ қилмоқда. Вазият биз кутганчалик даражада эмас. Аксинча, бошқа муаммолар оёғимиз остидан чиқа бошлади.
Биз кимнидир қоралаш ёки кимнидир оқлаш ниятида эмасмиз. Вазиятга холисона кўз билан назар ташлаймиз. Аслида ҳар ким ҳам эътироз билдиришга ҳақли замонда яшаяпмиз. Бу борада ҳамкасбларимизни ҳам ноҳақ деб айтолмаймиз, бунга ҳаққимиз ҳам йўқ. Уларнинг ҳам ўз позицияси бор.
Кўрганларимиз, билганларимиз асносида:
Навоий халқаро аэропорти Ёқилғи мойлаш материаллари хизмати собиқ раҳбар томонидан кўп бор тилга олинган. Бизнинг кўрганимиз эшитган таърифдан эса ўзгача экан. Жами 4200 тоннагача ёқилғини сақлашга мўлжалланган ушбу ҳудуд бундан 10 йил олдин таъмирланган. Кейинги тақдири эса бироз ачинарли. Ёнғин хавфсизлиги охиригача етказилмаган. Пластик трубалар ўрнатиш учун ариқлар қазилганча қолиб кетган. Эски металл трубалар чириган ҳолда атроф манзарасига салбий кўриниш бериб турибди.
Йўловчилар перрони олдинги раҳбар замонидан қолган ахлатлардан тозаланмоқда.
Навоий халқаро аэропорти катта ҳажмдаги юкларни ҳам қабул қила олиши билан ҳам Республикада ўз ўрнига эга. Аҳамиятга молик Юк терминали неча йиллардан буён эътиборга муҳтож экан.
– Ёғингарчилик вақтида юк терминалимиз томидан чакки ўтади, – деди Юк терминалининг Омборлаштириш бўйича раҳбар ўринбосари Шерзод Бурхонов. – Омборнинг ярмидан кўп жойини сув босиб кетади. Шу вақтларда юкларни уддалай олмай қоламиз. Устига селофан ёпамиз. Юк машиналари кирадиган дарвозаларимиз тез-тез бузилиб қолади. Очилса ёпилмай, ёпилса очилмай қоляпти. Бу муаммони бартараф қилиш керак. Раҳбарларимизга ҳам бир неча маротаба мурожаат қилдик. Аммо ҳозирча натижа йўқ.
Кейтиринг хизмати учун барча шароитлар муҳайё. Аммо бу хизмат йўлга қўйилмаган. Озиқ-овқат маҳсулоти 3 км. узоқликдан яъни Зарафшон меҳмонхонасидан келтирилар экан. Бу эса бор имкониятдан фойдалана олмасликни англатади холос.
Аэропортнинг барча қулайликларга эга 90 ўринли ўз меҳмонхонаси ҳам мавжуд. Аммо кўпчилик орзу қиладиган бу меҳмонхона мижозларга муҳтож ҳолда дам олиб ётибди. Мижозларни жалб қилиш ишлари ва реклама хизмати йўлга қўйилмаган.
Ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати пана жойда қолиб кетган. Аслида қоидага биноан бу хизмат ходимларига учиш-қўниш ҳудуди кўриниб туриши керак. Аммо неча йиллардан буён ушбу муаммога ҳеч ким эътибор бермаган.
Навоий халқаро аэропортида бошқарув тизими йиллар давомида издан чиққан. Ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам бутунлай унутилган. Ҳар ким ўз ҳолича ишлаб келмоқда. Тўғри, олдинги раҳбар томонидан ходимларга бир мунча эркинлик берилган. Аммо ходимлар учун яратилиши лозим бўлган қулайликлар бутунлай унутилган.
Салкам 800 нафар ходим фаолият кўрсатадиган катта бир корхонада ходимлар учун шароит яратилмаганининг гувоҳи бўлдик. Хоналар йиллар давомида раҳбарлар кўзидан пана жойда таъмирга муҳтож бўлиб қолган. Янги раҳбар ҳам ишни аввало ходимларга қулайликлар яратишдан бошлади. Аниқроғи, Навоий халқаро аэропортига янги қон ва тоза ҳаво кириб келмоқда.
Халқаро аэропорт номини эшитганда барча қулайликларга эга замонавий бинолар кўз олдимизда гавдаланади. Аслида ҳам шундай бўлиши керак эмасми?
Яна бир тушунарсиз ҳолатнинг гувоҳи бўлдикки, ўзининг ноҳақ бўшатилганини иддоа қилаётган собиқ раҳбар аслида асосий номзод танлаб олингунига қадар вақтинча вазифа бажарувчи сифатида ишга олинган экан. Меҳнат кодекси бўйича ҳам олиб қараганда собиқ раҳбарнинг лавозимидан озод этилишида ҳеч қандай қонун бузилиш аломатлари топилмади.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, вазиятга холисона ёндашдик. Тўғри, демократик тамойилларга таянадиган бўлсак, ҳар ким фикр ва эътироз билдиришга ҳақлидир. Аммо бу – бутун 790 нафарлик катта жамоа номидан гапиришга ҳақли дегани эмас. Собиқ раҳбар Навоий халқаро аэропорти ходимлари ҳам ўзининг бўшатилишга қарши эканлигини баён қилган эди. Аммо ходимлар билан ўзаро суҳбатлашишимиз асносида собиқ раҳбарнинг иддоларидан ҳақиқат топа олмадик. Унинг эътирозларини чўкаётган одамнинг хасга тирмашишига ўхшатдик, холос.
Ш.ОТАБОЕВ, журналист