Энергетика вазири тизимдаги муаммоларга изоҳлар бериш баробарида ис гази сабабли ошиб бораётган ўлимлар юзасидан ҳам фикр билдириб ўтди.
Ҳудудларда одамлар ис газидан вафот этишяпти. Ўлимлар сонини камайтириш учун чоралар кўриляптими?
Жўрабек Мирзамаҳмудов бу саволга жавоб берар экан, тизим камчиликларни инкор этмаган ҳолда мазкур ўлимлар таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаганлиги ёки эътиборсизлик сабаб бўлаётганини қайд этди. Бу борада тарғибот ишлари олиб бориляпти дейди, амалдор.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрдан 25 ноябргача 13 киши ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида сайтимизда материал эълон қилинган эди. Афсуски бу рақамлар ортишда давом этяпти. Ис гази қишнинг биринчи ҳафтасидаёқ, 10 кишининг, учта оиланинг бошига етган.
30 ноябрь куни Каттақўрғонда ота ва унинг вояга етмаган фарзанди ўз уйида заҳарланиб вафот этган бўлса, 4 декабрь куни Чинозда ёш эр-хотин ва уларнинг 3 ойлик чақалоғи мазкур заҳардан ҳалок бўлишди.
5 декабрь куни эса Бухорода бутун оила, ота, она ва уларнинг 3 нафар вояга етмаган фарзандлари вафот этишган.
Ҳалок бўлганларнинг 5 нафари ҳали вояга етмаган гўдаклар.