Энергетика вазири: эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин

07.12.2022 09:15

Ва ниҳоят биринчи марта янги вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов муносабат билдириб чиқди. 

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энерготаъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берар экан, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этаётганини айтиб ўтган. Шунингдек, у жуда кўп ўчишлар бўлаётганини ҳам тан олди. 

Лекин, вазиятни яхшилаш юзасидан қандай режалар қилинаётганини вазир муносабатида эшитганимиз йўқ. 
- «Бизнинг вазифамиз – одамларимизни хонадонида газ билан таъминлаш, шунингдек, табиий газ ёрдамида иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариб, электр энергия етказиб беришдир. Тўғри, эътирозлар бор. Ҳаммага ҳам етиб бормаяпти, жуда кўп ўчишлар бўляпти. Биз буни тан оламиз, ҳеч ким инкор этмаяпти. Шу об-ҳаво шароитида режали чекловлар киритган ҳолда [вазиятдан] чиқиб кетмасак, эртага бунданда жиддийроқ талафот бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз», – деган вазир. 
Бошқа альтернатив ёқилғида ишлаши мумкин бўлган барча объектлар ҳаво кескин шунақа пайтда тармоқдан узилади

Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги «Шўрсув цемент» номли цемент заводи ишчиларининг интернетда тарқалган жамоавий мурожаати тарқалган эди.. Мурожаатда ходимлар завод газдан узилгани сабабли ишсиз ва даромадсиз қолишганини айтишган.  Жўрабек Мирзамаҳмудов бунга ҳам муносабат билдирган:

«Фарғонадаги ҳолатга келадиган бўлсак, яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, бошқа альтернатив ёқилғида ишлаши мумкин бўлган барча объектлар ҳаво кескин шунақа пайтда тармоқдан узилади. Бу ерда бироз бўрттириб гапирилган, 10 мингта [ишчи ишсиз қоляпти] деб. Бу цемент ишлаб чиқариш корхонасининг 10 мингта эмас, юздан сал ошиқроқ ишчилари бўлган. Ҳамма биладики, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори бор, ғишт заводлари, янгидан қурилаётган цемент заводлар барчаси кўмир, яъни альтернатив ёқилғида ишлаши керак. Ҳозир бу [Фарғонадаги] заводни табиий газга ким улаган, ким рухсат берган, буни алоҳида ўрганиб чиқамиз. Лекин корхона раҳбарлари шартнома шартларига кўра вақтида огоҳлантирилган. Ишчилар билан тегишли тарғибот ишларини олиб бориши керак эди», – дея изоҳлади Мирзамаҳмудов.

Бир бирига зид баёнотлар

Икки ҳафта олдин, аниқроғи 16 ноябрда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳудудларда электр таъминотидаги узилишлар бир соатдан ошиб кетгани боис, бунга йўл қўйган масъулларга чора кўрилишини маълум қилган ва тез кунда чекловлар масаласи 80 фоизга ҳал этилади, деб ваъда берганди. «Бунинг учун табиий газ ва электр энергияси экспорти тўхтатилди. Ташқи импорт 20 фоизга оширилди. Бугунги кундаги узилишлар 8-10 соатлаб токни ўчиришга сабаб бўлолмайди, — деганди у.

Ҳозирги вазият эса ўша кундагидан 80 фоиз ёмон бўлса борки, яхши томонга ўзгаргани йўқ.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар