Антиқа қарор: Мактаб директорига блогердан ҳимояланиш учун ҳимоя ордери берилган

06.12.2022 09:17

Қибрай шаҳри ички ишлар бошқармаси томонидан мактаб директорига блогер постларидан муҳофаза қилиш учун ҳимоя ордери берилган. Одатда ҳимоя ордери зўравонлик, тазйиқ содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахслардан ҳимояланиш учун берилади. ИИБ ходимлари ижтимоий тармоқдаги постни зўравонлик ёки тазйиқ деб баҳолаши қонунчиликка қанчалар мос?

Блогер Равшан Махмудовнинг изоҳлашича, у ҳашар сифатида белгиланмаган кунда болаларнинг мактабга тозалаш ишлари учун жалб этилганини танқид қилиб пост қолдирган. Ёзнинг сўнгги кунларида блогер иссиқда болалар мактаб ташқарисини тозалаш учун жалб этилганини танқид остига олган. У мактаб тозалигига жавоб берувчи ходимлар бўлишига қарамай болалар меҳнатидан фойдаланилаётганидан таажжубда эканлигини ёзган. Ҳамда бу ишлар бола ҳуқуқлари борасидаги конвенцияга зид эмасми, деган саволни ўртага ташлаган. Блогер воқеа қайси мактабда рўй берганини ҳамда мактаб директори номини ўз постида очиқламаган.

Ушбу пост остида кузатувчилар мактаб болаларини тозалаш ишларига жалб этиш қанчалик тўғри ёки хато иш эканлигини муҳокама қилганлар. Муҳокамалар орасида юқори синф ўқувчиларида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида уларни ландшафт, дизайн ишларига жалб этиш бўйича махсус йўриқнома ҳам эълон қилингани ҳам қайд этилган.

Шунга қарамай мазкур мактаб директорига Равшан Махмудовнинг постларидан ҳимояланиш учун ҳимоя ордери берилган. Ордер Қибрай шаҳар, ИИБ бўлими томонидан қайд этилган.

Блогернинг сўзларига кўра у мактабдаги муаммоларни тез- тез танқид қилиб туради.

Маълумот учун: Ҳимоя ордери мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган, фақатгина тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан белгиланган чекловларни қайд этиш бўйича ҳужжат ҳисобланади.

Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори томонидан берилади.

Ҳимоя ордерини бериш тартиби шундан иборатки, хабар берилганидан сўнг профилактика инспектори воқеа жойига зудлик билан бориб, ҳужжатларни расмийлаштиради ва [жабрланувчига] ҳимоя ордерини беради.

Ҳимоя ордери 1 ой муддатга берилади. Шу муддат ичида низони ҳал этиш имкони бўлмаса ёки ўша ҳолат яна давом этадиган бўлса, мурожаатга асосан яна 1 ой муддатга узайтирилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
9
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар