"Nest one" бош режаси аниқ бўлмаган Тошкент учун катта муаммо бўладими?

13.01.2021 06:05

Ҳатто Бош режаси аниқ бўлмаган пойтахт учун осмонўпар бинолар ҳақиқий тирбандлик манбаи бўлмайдими?

Бу муаммога ечим топишни Тошкент ҳокимияти ўйлаб кўрмаган кўринади.

1200 та хонадон, 700 та офис, меҳмонхона ва савдо марказлари бир жойга жамланган "Nest one" иншооти атрофида машиналарнинг изчил тирбандлиги келиб чиқиши табиий эмасми?

Пойтахтимизнинг Tashkent city қисмида Ўзбекистондаги биринчи энг баланд иншоот "Nest one" қад ростламоқда. 2019 йил 29 август санасида илк осмонўпар бино бўйича ўтказилган конференцияда таниқли тадбиркор Мурод Назаров "Nest one" 2021 йилнинг декабрь ойида қуриб битказилишини айтган. Ушбу мажмуа 1200 хонадон, 700 та офис ишчилари, меҳмонхона резидентлари ва савдо маркази ҳамда бино ходимларининг тонгги ишга жўнаш ва қайтиш вақтида кўчага сиғдиришни ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Айни пайтда ҳаракатланиш тобора қийинлашиб бораётган "Nest one" иншоотига яқин бўлган Ботир Зокиров ва Ислом Каримов кўчаларида юзага келадиган тирбандликни тасаввур қилиш қийин эмас.

Тошкентдаги асосий тирбандлик Шифокорлар кўчаси, Юнусобод туманининг “Mega Planet” мажмуаси, "Самарқанд Дарвоза" савдо маркази атрофидаги тонги ва кечки тирбандликлар эртага "Nest one" яқинида ҳам юзага келиш эҳтимоли тобора кун сайин ойдинлашиб бормоқда.

Пойтахт аҳолиси 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра 2,510 миллион кишини ташкил этган. Кун сайин аҳоли ҳам, транспорт воситалари ҳам кўпайиб бораётгани инобатга олинса, охирги 10 йилда шаҳарда автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни 2 баравар ошганини кўриш мумкин. Сўнгги йиллардаги автомобилларнинг ортиб бориши 10 йиллик кўрсаткичдан ҳам юқори бўлиши табиий. Шу кеча-кундузда ҳам Ислом Каримов кўчасида эрталаб ва кечки (08:00-09:00 ва 18:00-20:00) вақтларда доим тирбандлик ҳосил бўлади. Тошкентнинг энг йирик кўчаларидан бўлган Навоий кўчасининг 24 та чорраҳасида тирбандлик юзага келади. Мана шу тирбандлик яқинида 1900 нафардан ортиқ одамларни жамловчи бино фаолият бошлаши янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Осмонўпар бинолари билан фахрланадиган кўпгина давлатларда ҳам бу каби иншоотлар йўл ҳаракатидаги тирбандликлар сабабчиси сифатида кўрилади. Тошкент шаҳри автомобилларнинг катта оқимига мослашмаганини ҳисобга олсак, янги энг баланд бино пойтахт учун энг катта муаммо бўлиши мумкин.

Мазкур масала юзасидан “Murad Buildings” маъмуриятига қўнғироқ қилганимизда ўзини Мурод Назаровнинг ёрдамчиси сифатида таништирган Санжар исмли ходим "Nest one" ортидан шаҳарда юзага келадиган тирбандликка улар жавобгар эмаслигини ва бу бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул эканини маълум қилди.

Тошкентда айни дамда юзага келаётган тирбандликларга ҳокимият томонидан ечим берилмаган бир вақтда яна бир йирик тирбандлик келтирувчи мажмуа қуриб битказилмоқда.

Қолаверса, 2013 йилда ишлаб чиқилган аммо тасдиқланмаган Тошкент шаҳрининг Бош режаси ҳамон тасдиқлангани йўқ. Президентнинг 2018 йил август ойидаги фармонига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокими 2019 йил 1 январга қадар "Тошкент шаҳрининг Бош режаси" концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасини тақдим этиши керак эди. Кейинчалик бу жараён 2020 йилга қолдирилгани маълум қилинди. 2020 йил 10 декабр санасида қурилиш вазири ўринбосари Шерзод Ҳидоятов пойтахт қурилишининг бош режаси кейинги икки йилда тайёр бўлиши, 2023 йилда тасдиқланиши кутилаётгани ҳақида гапирган.

Ҳатто Бош режаси аниқ бўлмаган пойтахт учун осмонўпар бинолар ҳақиқий тирбандлик манбаи бўлмайдими?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
05.03.2021 14:30
Тошкендда бир карич ЕР колмаганда бош режа таййор буладиё
28.02.2021 14:14
Качонки, Тошкент шахрининг маркази, манфаатдорлар томонидан тулик узлаштирилса, ушандагина Бош режа тасдикланади.
15.01.2021 07:46
Албатта тирбандлик келтириб чикаради.Хитойда йуллар Бир Нечча этажли .чоррахалар хаттоки 9-10этажли килиб курилган .бизда шундай имконият борма?бу бинога Хаима автомашина да бориши аник
14.01.2021 17:17
Хамма гапингизга кушиламан бу катта муаммо булади. Лекин Осмонупар деган сузингиз нотугри бунака иншоотларни курмагансиз шекилли.