Ўзбекистон олигархларини танийсизми? Ғафур Раҳимовнинг фаолияти

04.12.2022 20:22

Ўзбекистонда «қўлини узатса, ҳар ёққа етадиган» «катта»ларидан бири Ғофур Раҳимов ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Уни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда турфа тоифадаги гуруҳлар ва шахслар ҳам ҳурмат қилишади. Бир муддат очиқ давраларда кўзга ташланмаётган ишбилармон Ғофур Раҳимов апрель ойида Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вице-президенти этиб сайланди ва шундан буён бир қатор раҳбарлар қаторида кўриниш бера бошлади.

                                               “Гўммачи”дан Ғафур “Черний”гача

Ғофур — Арслонбек Аҳмед ўғли Раҳимов 1951 йил 22 июлда Тошкентда туғилган. Уни Википедиадаги таржимаи ҳолида, криминал гуруҳлар етакчиси, хусусан, "Brothersʼ Circle" Шарқ-Европа халқаро тўдасининг раҳбарларидан бири бўлиши мумкинлиги ёзилган.

Болалигидан у боксга меҳр қўйган ва махсус спорт мактаб-интернатида ўқиган. Армияда хизмат қилгандан сўнг, Раҳимов Палмиро Толятти номидаги Ленинград иқтисодиёт институтига ўқишга кирди ва у ерда муҳандис-иқтисодчи мутахассислигига эга бўлди. 1975 йилда у юртга қайтиб, Ўзбекистон ССР Савдо вазирлигига ишга жойлашади, давлат иши билан бир вақтнинг ўзида бокс ва бизнесни ҳам давом эттиради ва маҳаллий «Динамо» марказий спорт марказида бокс бўйича мураббийлик қилади. Аммо бу унинг «расмий» таржимаи ҳоли холос.

Раҳимов ҳаётининг унча ёритилмайдиган қисми ҳам бор. «Новая газета» да ёзилишича, қайта қуриш йилларида Раҳимов «Пирожок» ёки «Ғопир гўммачи» лақаби билан ҳам танилган. У буни ўз бизнесини очиб, Тошкентда гўмма ва сомса сота бошлаганида олган. Бироқ Раҳимовнинг амбициялари унга бозорда узоқ қолишга имкон бермади: у тез орада боксчилар гуруҳини тузиб, кооперативлар, акциядорлик ва кичик корхоналар уюшмасида иш бошлади.

Медиазонанинг ёзишича, Раҳимовнинг одамлари тадбиркорларни ҳимоясига олар, кўча тилида «криша» керакмас деганлар эса каттароқ доиралардан четлатилган – улар тергов остида қолиши, бизнесини сотиши ёки шунчаки йўқ бўлиши мумкин эди.

1990 йилда Ғофур Раҳимов «Агроплюс» экспорт-импорт компаниясини очди — у орқали Ўзбекистонга озиқ-овқат ва спиртли ичимликлар кириб келди. Кўп жиҳатдан, бу бизнесда унга Савдо вазирлигида ўрнатилган алоқалар ёрдам беради.

«Новая газета» ёзганидек, Раҳимовнинг тез «кўтарилиши» ва ташкилотчилик қобилияти дарҳол жиноий авторитетларнинг эътиборини тортади — у ёпиқ доираларда Дед Хасан номи билан ҳам танилган Аслан Усоян билан учрашади. Ғофурбойни биринчи учрашувдаёқ ёқтириб қолган авторитет уни ўз шерикларидан бирига айлантиради. Шу тариқа Раҳимов Россия ҳудудида ҳам ўз таъсирини кенгайтириш имконига эга бўлади. Бу ерда эса уни «Гафур Черный» яъни "Қора Ғафур" лақабида чақира бошлашди.

1990 йилларнинг ўрталарига келиб, ФСБ тезкор ҳисоботларида Ғафур Чернийни Ўзбекистонда Президент Ислом Каримовдан кейинги 2-рақамли шахс сифатида қайд этилгани айтилади. Россия махсус хизматлари Раҳимов бизнесини ривожланишида Ўзбекистон Биринчи Президентини муҳим роли бор, деб ҳисоблашади. Сиёсий доиралардаги қўллаб қувватловлар туфайли у мамлакатдаги аксарият пахтани қайта ишлаш заводларини назорат қилади.

Тошкент яқинидаги вилласида Ўзбекистон Президенти кубоги учун теннис турнирлари ҳам ўтказилган ва у ерга авторитетлар Дед Хасан ва Дато Ташкентский тез-тез келиб туришарди.

Шу билан бирга, Раҳимов спорт мутасаддиси сифатида ҳам ишлаган - 1993 йилда у Ўзбекистон бокс федерацияси вице-президенти лавозимини эгаллаган ва беш йил давомида шу лавозимда қолган. Кейин эса Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси (AIBA) аъзоси бўлди. У, шунингдек, Осиё Олимпия Кенгашининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти бўлган.

«Қиммат»га тушган дўстлик

Узоқ вақт давомида Раҳимов фаолиятининг «қоронғи» томонлари ҳақида кам нарса маълум эди. 1990 йилларнинг охирига келиб, у афғон генерали, этник ўзбек Абдул-Рашид Дўстум билан алоқалари туфайли хорижий разведка хизматлари эътиборига туша бошлаган ва уни гиёҳвандлик моддалари савдосида гумон қилишади.

Афғонистондан героин олиб ўтишнинг асосий йўлларидан бири «Шимолий йўл» деб номланган Википедиада ёзилишича, бу йўлдан наркотик моддалар Тожикистон орқали ўтиб, сўнгра Қирғизистон ёки Ўзбекистонга киради, сўнгра Қозоғистонга, у ердан Россия, Украина, Беларус ва Европа давлатларига олиб ўтилади. Бу йўл Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг деярли дарҳол шаклланди.

1998 йилда Европанинг бир қанча йирик нашрлари бир вақтнинг ўзида «ўзбек наркобарони» ҳақида эслатмаларни чоп этди, шундан сўнг Франция ҳукумати Раҳимовни визасидан маҳрум қилиб, Ўзбекистонга депортация қилади. 2000 йилда Ғафур Черний Сиднейдаги Олимпиадага қўйилмайди. Ўзбекистон Олимпия қўмитаси норозилигига қарамай, Австралия ҳукумати Раҳимовни жиноий гуруҳлар билан алоқадорликда гумонланаётганини маълум қилди.

Ғофурбой ва Алишер Усмонов. Ким кимни қўллаган?

Миллиардер Алишер Усмонов ва Ғофур Раҳимов алоқалари ҳақида манбаларда турли фикрлар билдирилган. Медиазона нашри Алишер Усмоновни 1998 йил декабрь ойида Британиянинг Обсервер газетасига берган интервьюсидан иқтибос келтираркан, Алишер Усмонов Ғофур Раҳимовни шахсан билишини тан олганини ёзади. «Мен бу одамни 20 йилдан бери биламан. У ота-онамга ёрдам берди. Лекин бизда яқин муносабатлар ва бизнес алоқалари йўқ. Мен Ўзбекистонга йилига бор-йўғи икки-уч марта ташриф буюраман ва ҳар сафар у билан Тошкентда учрашаман», деган Усмонов Раҳимовни гиёҳванд моддалар савдосида айбланганидан ҳайратда эканлигини қўшимча қилар экан. Миллиардернинг ўзи Раҳимовнинг таъқиб қилинишини рақибларининг интригалари билан изоҳлаган.

2007 йилнинг ноябрида Гардиан нашрига берган интервьюсида Усмонов Ғафур Раҳимовни ота-онасининг қўшниси бўлгани учунгина билишини айтган. Олигарх, шунингдек, Раҳимов билан ҳеч қачон бизнес алоқаси бўлмаганини даъво қилишда давом этади.

Ғофурбой ва унинг сирли оиласи

Ғафур Раҳимовнинг оиласи ҳақида кўп нарса очиқланмаган. Лола Раҳимова билан унинг уч фарзанди бор. Очиқ манбалардан Раҳимовнинг ўғилларидан бири Aмир-Aлихон Москвада теннис билан шуғулланишини кўриш мумкин. 

Унинг яна бир ўғли Темур ҳақида маълумот эса бундан ҳам кам. Фақат унинг туғилган кунларидан бирида машҳур арман қўшиқчиси Бока Темурга атаб «отангни йўқотма, сен авторитетсан» деган қўшиқ ёзгани маълум.

2021 йилнинг март ойида Раҳимовнинг жияни, Тилла Равшан (Равшан Золотой) лақаби билан машҳур Равшан Мухиддинов амакиси билан ўртасидаги можаро ҳақида гапириб беради. Унинг сўзларига кўра, Ғофурнинг хотини Лола Раҳимова Мухиддиновни 7 миллион доллар пулни ўзлаштириб юборганликда айблаганини ва амакиси ундан дарғазаблигини айтган. Мухиддиновнинг айтишича, уни Истанбулдаги меҳмонхоналардан бирига олиб келишган ва у ерда бир неча соат қийноққа солинган.

Уйдаги муаммолар ва санкциялар

2010 йилга келиб Раҳимовнинг Ўзбекистондаги аксарият компанияларида солиқ текширувлари бошланди, унинг яқинлари ва қариндошларига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилди. Ғафур оиласи билан мамлакатни тарк этиб, Дубайга учиб кетганидан сўнг унинг бизнесдаги улушлари Президент Каримов оиласидаги ишончли шахсларга ўтказилади.

Бир вақтлар Ғофурни Ғарбда ҳимоя қилган Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий бокс федерацияси эса 2012 йилда фавқулодда фикрини ўзгартириб, вице-президентлик ваколатларини муддатидан аввал тугатади. Шунга қарамай, у AIBA вице-президенти лавозимини тарк этмайди.

Ўша йили AҚШ Молия вазирлиги Ғофурбойга қарши санкциялар жорий қилди ва уюшган жиноятчиликда айблади.

Орадан бир йил ўтиб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ғофур Раҳимовни қидирувга берди – у товламачилик, жиноятдан олинган даромадларни қонунийлаштириш, шунингдек, қалбаки ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлашда гумон қилинган.

        Гулнора Каримова тазйиқлари  ва Содиқ Россия

Раҳимов қидирувга берилган ва AҚШ санкциялари рўйхатига киритилган бўлса-да вақти-вақти билан Россияга келиб турар ва ҳатто у ерда 2014 йилги Сочи Олимпиадасига таклиф этилган фахрий меҳмонлардан бирига айлангани маълум бўлди.

Кейинроқ «Новая газета» криминал авторитетнинг Осиё мамлакатлари олимпия қўмиталарининг алоҳида аъзолари билан индивидуал ишлаши Россияга Сочидаги ўйинларни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш ва футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати мезбони бўлишга ёрдам берганини эслатиб ўтган.

Ғофур Раҳимовнинг ўзи эса Around The Rings нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова билан зиддият туфайли расмийларнинг «босим ва репрессиялари» бошланганини айтиб ўтади.

«Гулнора Каримова ва унинг атрофидагилар менинг компанияларимдан ўз лойиҳаларини молиялаштиришни сўрашди, лекин мен рад этдим. Кейин улар менга босим ўтказа бошладилар, бизнесимни йўқ қилиш мақсадида AҚШ Молия вазирлигига менинг жиноий гуруҳлар билан алоқам борлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тақдим этилди. Ўша кунларда Гулнора Каримованинг мамлакатда таъсири катта эди, шунинг учун 2010 йилда мен ва оилам ўз хавфсизлигимиз учун ватанимизни тарк этишга мажбур бўлдик», деб эслайди Раҳимов.

Ўша интервьюда у «ҳеч қачон трансмиллий жиноий ташкилотларга алоқадор бўлмаганини» даъво қилган.

           «Сулаймон ўлди, девлар қутулди»

2016 йилда Ислом Каримов вафоти ва Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон Раҳимовни Интерпол орқали қидириш ҳақидаги аризасини қайтариб олди ва унинг номи ташкилот ҳисоботларида йўқолди.

2017 йилнинг 21 декабрида AҚШ Молия вазирлиги Ғофур Раҳимовга қарши яна бир марта санкциялар жорий қилди, буниси «Магнитский акти» доирасида эди.

            Ўзгарувчан қарорлар: У жиноятчими, йўқми?

2018 йил июнь ойида Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги Раҳимовга яна қидирув эълон қилган – унга тўрт йил аввалги моддалар қўйилган эди. Бу сафар у билан бирга унинг рафиқаси Лола Раҳимова ҳам қидирувга берилади.

Ўзбекистон кечирса ҳам АҚШ кечирмади

Орадан бир ой ўтиб Ўзбекистон Бош прокуратураси унинг исмини қидирувдагилар рўйхатидан чиқариб ташлайди. «Газета.уз» манбасининг таъкидлашича, Раҳимовнинг ўзи тергов билан ҳамкорлик қилишни истаган, бу эса чораларни ўзгартиришга сабаб бўлган.

2018 йил январь ойи охирида Ғофур Раҳимов Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси президенти вазифасини бажарувчи бўлди ва узоқ вақт давомида бу лавозимга ягона номзод бўлиб қолаётган эди. Бироқ Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) AҚШ санкциялари ва эҳтимолий гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлиги сабабли унинг номзодига қарши чиқди. Вазият шу даражага етдики, агар Раҳимов AIBA нинг доимий раҳбари этиб сайланса, ХОҚ боксни олимпия спорти мақомидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган. ХОҚ ҳаттоки Раҳимовга 2018 йилда Aргентинада бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимпия ўйинларига боришни тақиқлади.

2018 йил май ойида Раҳимов ўз исмини AҚШ Молия вазирлиги санкциялар рўйхатидан олиб ташлашга қарор қилади. Бунинг учун у икки йирик ҳуқуқшунослик фирмалари Lawyers Ferrari & Associates ва Carter-Ruck. ни ёллади.

«Мен ҳеч қачон уюшган жиноий гуруҳга алоқадор бўлмаганман, менга ҳеч қачон айблов қўйилгани йўқ, жиноий иш бўлмаган. AҚШ молия вазирлигининг босимига қарамай, мен AIBA  бошқаруви ва молиявий барқарорлигини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларимни давом эттираман», — деган ўшанда Раҳимов.           

Спортни ривожига тўсқинлик қилиши мумкинлигини тушуниб етдими 2019 йил март ойида у ўз лавозимини вақтинча тарк этишга қарор қилди ва буни AIBA президенти сифатида "ҳеч қачон ўз манфаатларини ташкилот манфаатларидан устун қўймаслиги" билан изоҳлади. Унинг бу қароридан қаноатланмаган Олимпия қўмитаси июнь ойида AIBAни Олимпия мақомидан маҳрум қилди, энди бокс ассоциациясининг ҳуқуқларининг тикланиши фақат 2020 йилги Олимпиададан кейин амалга оширилиши мумкин эди. Шундан сўнг Раҳимов ниҳоят AIBA раҳбари лавозимидан узил кесил воз кечди. Aйтганча, ассоциация ичида уни «ташкилотни банкротликка олиб келган ва бутун бокс жамоатчилигини алдаганликда» айблашди.

2020 йилда Ғофур Раҳимов AҚШ молия вазирлигига қарши судда ютқазди а санкциялар рўйхатида қолди. Судья Жеймс Босберг махфийликка асосланиб, ўз қарорини тушунтиришдан бош тортди.

Ушбу воқеалардан сўнг Ғофурбой бир муддат давомида жамият ҳаётидан ғойиб бўлди, унга нисбатан қўзғатилган жиноий ишларнинг ҳолати ҳам номаълум бўлиб, унинг Ўзбекистонга қайтиб келган-келмагани ҳам ўшанда очиқланмаган. Раҳимов ҳақидаги хабар узоқ вақт жимликдан сўнг биринчи марта 2022 йил апрель ойи ўрталарида, Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси биринчи вице-президент этиб қайта сайлаганида пайдо бўлди.

Ундан буён қатор тадбирларда Ғофур Раҳимовни ўзбек амалдорлари билан бирга тушган суратлари тарқалиб турибди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
28
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар