Владимир Путин Ғарбда йўқотган имкониятларини Марказий Осиёдан изламоқда

02.12.2022 17:00

Мишустин нега Самарқандга келди?

Владимир Путин Ғарбда йўқотган имкониятларини Марказий Осиёдан изламоқда. Россия оммавий ахборот воситаларида Мишустинни Мирзиёев кутиб олиши айтилганди. Бироқ...

“Санкциялар қуршовида қолган Россия учун собиқ совет республикалари энг яқин стратегик ҳамкорларга айланади”, демоқда россиялик таҳлилчилар.

Кеча, Самарқанд аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустинни кутиб олган. Россия тараф Мишустин аввал Тошкентга ташриф буюриши ва Мирзиёев билан учрашиши сўнг, “Ғалаба” боғига бориб гул қўйиши ҳақида ҳам ёзишган эди. Аммо, Мишустин ҳозиргача Мирзиёев билан учрашмаган. Уни Бош Вазир Абдулла Арипов чопқиллаб чиқиб кутиб олган. Шунингдек, кеча РФ президенти В. Путин ва Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилганлари ҳам айтилмоқда.

Уч томонлама иттифоқ қуруқ гапми ёки...

Мишустин айни дамда Арипов ҳамрохлигида Самарқандда ўтказилаётган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” кўргазмасида қатнашмоқда. Бу Мишустиннинг ҳукумат раиси лавозимида илк бор Ўзбекистонга келиши. Ташриф чоғида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россиянинг “газ соҳасида уч томонлама иттифоқ” масалалари кўрилиши ҳам айтилмоқда. Куни кеча, Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Песков бу уч тамонлама иттифоқнинг мухим эканлигини билдирган эди. Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов эса бу иттифоқ амалга ошмайдиган иш ва шунчаки “қуруқ гап” эканлигини айтган. Бош вазир матбуот котиблиги бугунги учрашувлар давомида “газ соҳасида уч томонлама иттифоқ” масалалари кўрилиши ҳақида маълумот бермаган.

Россия учун Ўзбекистон транспорт йўли Эрон ва Ҳиндистонга чиқишда мухим рол ўйнаши мумкин. Россиялик экспертлар Ўзбекистон Россиянинг табиий ва энергетик ресурсларини сотишида “хаб” (марказ) вазифасини бажаришини айтишмоқда. Санкциялар қуршовида қолган Россия учун Ўзбекистон иқтисодий, логистик нажот вазифасини ўташи кутилаётгандек. Аммо, Ўзбекистон тарафдаги расмийлар бунга урғу бераётгани йўқ. Яқинда Остонада ўтган “Россия – Марказий Осиё” форумида Россия Марказий Осиёдан сиёсий ва иқтисодий платформа сифатида фойдаланиши ҳақида гапирилди. Тошкентда ўтган Марказий Осиё экспертлари форумида эса Марказий Осиё Россия ва Хитой таъсирларидан мустақил минтақага айланаётгани урғуланган эди.

Ўзбек дипломатияси

Мишустин бир ҳафта ичида Россиядан Ўзбекистонга юборилган иккинчи расмий делегация вакилидир. 

3 кун аввал Давлат думаси спикери Вячеслав Володин бошлиқ Россия парламент делегацияси Қонунчилик палатаси раҳбари Нурдинжон Исмоилов, Сенат раиси Танзила Нарбаева ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган эди.

Вячеслав Володин Ўзбекистон парламенти раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент вакиллари билан ўтган учрашувда АҚШни қўй терисини ёпиб олган бўрига қиёслаган эди. Шунингдек учрашувда Володин АҚШ ва Европа алоқалари яхшиликка олиб келмаганини ва ҳозирда ҳам АҚШ санкциялари сабаб Европа давлатлари қийналаётганини айтган. Ўзбекистон парламентнинг юқори палатаси вакиллари Россия Думаси раҳбари билан учрашувлар ўтказган паллаларда Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ж. Хенекни қабул қилган. 29 ноябрь куни Ташқи ишлар вазирлигида вазир ўринбосари Фурқат Сиддиқов АҚШ элчиси Жонотон Хенек билан учрашган. Фурқат Сиддиқов Жонотон Хенек билан Ўзбекистон ва АҚШ томонларнинг стратегик ҳамкорлигининг кейинги истиқболлари ҳақида суҳбатлашишган. Россия давлат расмийларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида АҚШ элчисининг Ташқи ишлар вазирлигида қабул қилиниши ўзбек дипломатияси донолигидан даракмикан?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар