Пўлат Бобожонов истеъфосини талаб қилганлар ҳақида нима деди?

01.12.2022 14:46

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов доим ижтимоий тармоқлар ва янгиликларни кузатиб боради. Унинг истеъфоси талаб қилиниб якка тартибда намойиш ўтказилганидан яхши хабари бор. Бу ҳақида ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Бугун, «ИИВ тизимида кадрлар сиёсати, маънавий-маърифий ишлар ва уларнинг натижадорлиги, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси борасида шаффофликни таъминланиши масалалари» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда журналистлар ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов унинг истеъфосини сўраб журналист Шокир Шарипов якка тартибда намойиш ўтказганидан қанчалик хабардор экани билан қизиқди. Шунингдек, унинг бу намойишга нисбатан муносабати ҳам сўралди.

ИИБ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг айтишича, Пўлат Бобожонов доимий тарзда ижтимоий тармоқларни ва оммавий ахборот воситаларини кузатиб боради. Вазир бу намойиш ҳақида хабар топгач, матбуот котиби Ғиёсовга «Гаплаш у нима истайди?», деб айтган. Ваҳоланки, намойишда Шокир Шарипов вазирнинг истеъфосини бир фуқаро сифатида талаб қилаётгани ва бунинг сабабларини очиқ изоҳлаб берган эди.

Шокир Шарипов ББС мухбирига берган интервьюсида тизимдаги ўлимлар сабаб, вазирнинг кечирим сўрамаслигини «ёмон сигнал», дея изоҳлаган. «Нормал амалдор тизимда бўлаётган даҳшатли ўлим воқеаларидан кейин ўзи омма олдида узр сўраб, лавозимидан кетиши керак. У тизимдан кетмаяптими, демак, бутун жамият касал бўлган. Фуқароларнинг ИИБ биноларида ўлаётгани вазирни безовта қилмаётгани бу — жуда ёмон сигнал. Бу сигнал тагида узун занжир ётибди», деган намойишга чиққан Шокир Шарипов.

2020 йил июнь ойида Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ҳам ички ишлар тизимидаги муаммоларни вазир истеъфосига талаб борлиги билан изоҳлаганди.

«Ҳозирги вазиримизни халқпарвар, деб эшитганман. Аммо бўлиб ўтган ҳолатлар уларнинг истеъфо вақти етиб келганини кўрасатаяпти», деган эди Расул Кушербаев.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
19
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар