«Снос»га тушган ҳудуд — уй-жойини қурувчиларга ташлаб, кўчиб кетишни истамаган аҳоли уйларида тўсатдан ёнғин чиқди

29.11.2022 16:10

ҒАРОЙИБ ЁНҒИН: Ҳозирда ёнғин бўлган уйлар яшашга яроқсиз бўлиб, ушбу уйларда истиқомат қилувчилар ҳали қўшниларникида, ҳали квартирада сарсон қолмоқда…

Юнусободда “Снос”га тушган уйларда ёнғин содир бўлди. Ўт ичида қолган уй эгалари инвесторлар билан келишолмай юрган. Тўсатдан чиққан ёнғин айнан инвесторга сотилган ва ҳозирда бўш бўлган уйларнинг бирида содир бўлган.

Ёнғин тез орада инвестор билан келишолмаётган аҳоли уйларига ўтиб кетган. Юнусобод тумани, Чинобод-8 тор кўчадаги эгаси кўчиб кетганига икки йил бўлган 20-уйдан 8 ноябрь куни 15:04 да ёнғин чиқади, аммо ўт ўчириш экипажилари атрофдаги қурилиш ишлари сабаб ёнғин бўлаётган ҳудудга кириб келишга қийналган.

Айни пайтда ёнғин сабаблари маълум эмас, бу бўйича суд-экспертиза ишлари амалга оширилмоқда. Масъулларнинг айтишича, маҳаллада кўчишни истамаган 60 та хонадон қолган бўлиб, атрофдаги бузиш ишлари уларнинг уйларига ҳам таъсирини ўтказган.

Бир вақтлар Президент барча мулкдорни рози қилган ҳолда кўчирмагунча, бузиш ишларини бошламаслик кераклигини айтган эди. Ҳозирда ёнғин бўлган уйлар яшашга яроқсиз бўлиб, ушбу уйларда истиқомат қилувчилар ҳали қўшниларникида, ҳали квартирада сарсон қолмоқда. Аҳоли айнан инвесторларнинг қурилиш ишлари сабабли ўт ўчирувчилар вақтида етиб кела олмаганини айтмоқда. Ёнғин бўлганига бир неча ҳафта бўлди, аммо ҳеч ким уларнинг ҳолидан хабар олмаган, аҳолининг ўзи Юнусобод туман ҳокимлиги, қурилиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, эшиклар олдида сарсон саргардон. 

Тошкент шаҳар ҳокимлигида айни пайтда қабул бўлмаяпти, мурожаатингиз бўлса қолдириб кетинг бир ҳафта ичида ўрганиб чиқилади, деб қайтариб юборишган. “Yunusobod business city” масъуллари томонидан 7 та хонадонга 17 та вариант кўрсатилган, аммо улар шаҳар марказидан узоқда бўлгани ва уйларнинг ҳолати аҳолини қониқтирмагани сабаб рад этилаверган. 

Ҳозирча, ёнғиннинг келиб чиқиши бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хулосаларни тақдим этмади. Ўрганишлар давом этмоқда. Тошкент ҳокимлиги айни дамда қабуллар йўқлигини айтмоқда. Ўз ўрнида сайтимиз сўровини ҳам очиқ қолдирган. Аҳоли ҳуқуқлари паймол этилганини айтган ҳолда кўчада қолиб келмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
12
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар