Кунлар совиди, Ўзбекистонда "уруш" бошланди — 25 кунда 13 киши

28.11.2022 15:29

Даҳшатли статистика. Уларни ўқийвериб, даҳшатга тушавериб чарчадик. Қўрқинчли рақамларни кўравериб кўзларимиз пишиб кетди. Охир-оқибат нимадир қилиш керак, акс ҳолда Ўзбекистонда, хусусан қишлоқларда ҳаво совишини вабо тарқалиши каби қабул қиладиган авлод шаклланади. Аслида ҳам шундай. Ҳаво совиб улгурар-улгурмас деярли ҳар куни ис газидан, носоз печкалардан чиққан заҳарлардан вафот этган, оила-оила бўлиб қирилиб кетаётган юртдошларимиз ҳақида хабарлар чиқа бошлайди.

30 октябрдан 25 ноябргача 13 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди, бир нафари эса газ чақнашидан ҳалок бўлди. Уларнинг 4 нафари вояга етмаган бола, яна 5 нафари 17-21 ёшли ўспиринлар эди.

  • 30 октябрь. Бухоро. «Шергирон» маҳалласида яшовчи фуқаро ўз уйида ис газидан заҳарланиб вафот этди.
     
  • 6 ноябрь. Фориш тумани «Ойбек» МФЙ, 34 ёшли она ва унинг 10 ва 5 ёшдаги икки фарзанди.
     
  • 13 ноябрь. Хоразм вилояти Урганч шаҳри. 2001 ва 2007 йилда туғилган йигитлар ижарада яшаётган хонадонларида ис газидан қурбон бўлишди.
     
  • 15 ноябрь. Жиззах вилояти Зарбдор тумани. Буви ва унинг икки набираси.
     
  • 20 ноябрь. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 17 ёшли абитуриент қиз.
     
  • 20 ноябрь. Наманган вилояти Поп туманида икки аёл ва бир бола.
     
  • 24 ноябрь. Фарғона вилояти Бувайда тумани уч кунлик келин-куёв ис газидан заҳарланиб, вафот этди.

 

25 кунда 12 киши. Ва бу ҳали бизга маълум бўлгани. Ҳали бошланиши. Ҳали қиш келмади, ҳали қорлар ёғмади, ҳали у қадар совуқлар бошланмади!

Ҳодисалар эса такрорланаверади. Роппа-роса бир йил аввал Оққўрғон туманида 24, 26 ёшли келин-куёвлар заҳарланиб вафот этган эди, бу йил ҳам айнан шу вақтда Бувайда туманида 17 ва 23 ёшли келин-куёв айнан шу тарзда вафот этди.

2022 йил бошидан 25 январгача бўлган муддатда 28 нафар фуқаро ис газидан вафот этгани маълум қилинган эди.

2021 йил ва 2022 йилнинг май ойига қадар Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.

Бир йилда 366 нафар фуқаро! Биз уруш ҳолатидамизми?

Энди қолганини эшитинг: мазкур даврда прокуратура органлари томонидан 105 та текшириш ўтказилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан мутасадди ташкилотларга 30 дан ортиқ тақдимнома, 25 тадан зиёд огоҳлантирувлар киритилиб, 25 нафар шахс интизомий ва 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

366 нафар фуқаро вафот этган, 307 нафари жароҳатланган ва 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган!

Одамлар исиниш учун дарахтларни кесишади, тоннаси фалон мингдан бўлган кўмир кукунини сотиб олишади, чунки кўмирнинг ўзи қиммат. Ёз бўйи қишлоқлардаги аёллар тезак тайёрлашади, қишда эса уни ёқиб, уларнинг баъзилари шу тезакдан ёки кўмир кукунидан чиққан ис гази оқибатида фарзандларини ҳам қутқаролмай вафот этишади. Ҳукумат эса, аёлларнинг ўзлари тезак тайёрлашни истаяпти, газда муаммо йўқ деб маълумот беради

Мутасаддилар ўлимларни ҳисоблашдан ташқари бирор ечим ҳам ўйлашяптими?

Одамларга танбеҳ бериш, таппи ёқма, кўмир ёқма, печка дудбўронини тузатиб қўй, қўлбола печка ёқма дейиш билан нимадир ўзгарадими? Нима ёқсин, қўлбола печка ёқмасдан? ДАВЛАТ МАХСУС ТАППИГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ДАВЛАТ СТАНДАРТЛАРИГА ЖАВОБ БEРАДИГАН ПЕЧКА ЧИҚАРИБ ҚЎЙГАНМИ? Одамлар қандай исинсин?

Лойиҳа қани?

Икки йилча аввал, 2021 йилги давлат дастурига асосан, аҳоли хонадонларини метан, пропан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар берадиган ва газни тармоқдан клапан орқали узиб қўядиган газоанализаторлар билан таъминлашга доир президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. Ўша лойиҳа қаердадир қолиб кетди, лойиҳага айландими, бирор жойда синаб кўрилдими, нима бўлди, ҳеч кимнинг хабари йўқ. Биз қандайдир деярли ҳеч ким ўқимайдиган сайтни яратиш учун 8 ярим миллиардлаб пулни аямайдиган, аммо бутун халқни мушкулини осон қилиши, ўлимдан қутқариши мумкин бўлган лойиҳаларни тезда унутадиган мутасаддиларга эга бўлган қора халқмиз. Акс ҳолда ўтган йилги шунча фожеалардан кимдир хулоса чиқарган, бу йил ёз бўйи бунинг чорасини жиддийроқ ўйлаб кўрган бўларди.

Бу халққа ҳисобот керакми?

Тушунтиришлар, мажлислар, тақдимномалар, хатлар керакми? Йўқ. Халққа ҳақиқий ечим керак. Амалий натижа керак, липилламайдиган, ўчиб қолмайдиган, умуман бор бўлган газ керак, уйни исита оладиган, овқат пиширадиган чироқ керак, буни ҳаводан оласизми, қуёшдан, ўзингиз ваъда қилган электр панелларидан оласизми, халққа бунинг фарқи йўқ! Совуқ қотмаса, заҳарланиб ўлмаса бас.

Мавзуга доир:

Муаммони ҳал этиш учун Давлат дастури бор, аммо ижроси йўқ. Одамлар эса ҳалок бўлмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
29.11.2022 00:12
Эссиз халк
28.11.2022 22:20
Ayni va achinarli haqiqat. bu mavzu keng yoritilib, hukumat tamonidan aniq choralar ko'rilishi kerak.