Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев кеча, Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Ғофуржон Мирзаевни танқид остига олди. Депутат янги лавозимга кўтарилган Сирдарёнинг собиқ ҳокими Ғофуржон Мирзаев Сардоба сув омбори талофатидан жабр кўрган тадбиркорларга компенсация пулларини тўлиқ қоплаб бермаганини айтмоқда.
«Сирдарёда Сардоба сув омбори талофатидан жабр кўрган тадбиркорларга компенсация пулларини тўлиқ қоплаб бермаган, Президент Администрацияси топшириқларини ҳам бажармай, тадбиркорларни норози қилиб келган Ғофуржон Мирзаев Президентга маслаҳатчи бўлибди.
У давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчи ҳисобланади.
Очиғи мен ҳеч кутмагандим, «шок»даман», деб ёзади Расул Кушербаев.
Депутат давлат маслаҳатчиси бўлган Мирзаевни авваллари ҳам танқид қилиб келганини билдирмоқда. «Бу кишини тадбиркор ва фуқароларни норози қилиб келгани учун кўп танқид қилганман ва уларнинг Президентга яхши ва холис маслаҳатчи бўла олишига ишонмайман», дейди у.
Кеча янги лавозимга кўтарилган Ғофуржон Мирзаев Сирдарё вилоятига ҳоким бўлишдан аввал ҳам (2003-2016) Ўзбекистон президенти аппаратида инспектор сифатида ишлаган. 2016 йилда Сирдарё вилоятига ҳокимликка тайинланган.