Ўзбекистон бўйича 100 та болалар оромгоҳи Президент қарори билан Қ.Рафиқов раҳбарлигидаги Касаба уюшмалари федерацияси тизимига мулк ҳуқуқи асосида топширилмоқда.
Уюшмага ўтган болалар оромгоҳи ва санаторийлар учун солиқ тўловчилар, яъни бюджет пулидан ҳам маблағ ажратилади.
Шунингдек, касаба уюшмаларига бепул берилган болалар оромгоҳларини сақлаш, реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш учун махсус жамғарма тузилиши кутилмоқда.
Қарорга кўра, 2023 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетлари даромадларининг чораклар якунлари бўйича аниқланадиган прогноздан ошириб бажарилган қисмининг 10 фоизи жамғармага ўтказиб берилади.
Мазкур қарорда жамғарма қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар томонидан ҳам молиялаштирилиши мумкинлиги ҳам кўзда тутилган.
Касаба уюшмалари таркибига ўтган 100 та болалар оромгоҳи ва санаторийларида уюшма аъзолари учун йўлланманинг 50 фоизи тўлаб берилади.
Шу вақтгача давлат таркибида бўлган оромгоҳлардаги вазият қониқарли бўлмаган. Уюшмаларга тегишли оромгоҳлар йиллар давомида совет иттифоқидан қолган инвентарлар билан қўл учида хизмат кўрсатиб келган. Хусусий тадбиркорларга тегишли оромгоҳларда эса соғлом рақобат сезилади. Қолаверса, касаба уюшмалари аъзолари доим оромгоҳларга йўлланмалар етишмаслигидан нолиб келган.
Республикадаги 100 та оромгоҳларнинг яна касаба уюмаларига берилиши яна эски тизимга қайтиш эмасми?
Ҳозирда касаба юшмасига тегишли бўлган санаторийларнинг аҳволи қай даражада?
Улар хусусий оромгоҳлар билан рақобатлаша оладими?
Ҳозирча бу саволлар очиқ қолмоқда. Уюшма раҳбарияти бу ҳақида маълумот берган эмас.