Францияда Ўзбекистон расмийлари қандай кутиб олинди? Камолиддин Раббимов барча тушунмовчиликларга жавоб қайтарди

23.11.2022 11:49

FOTO: Madina Nurmon

Парижга етиб келган Ўзбекистон делегациясини Франция давлат президенти Эмануэль Макрон кутиб олмади. Бу эса жамоатчиликда турли саволларни туғдирди. Кўпгина ташрифларда имзоланган ҳужжатлар сони ва шартнома суммасидан ташқари батафсил таҳлилий ахборот берилмагани каби, бу сафар ҳам оммада қизиқиш уйғотган айрим саволлар очиқ қолди.

Аслида ташриф билан боғлиқ турли гап-сўзлар ва тушунмовчиликларга журналистлар, делегация гуруҳида борган Президент Администрацияси ахборот хизмати мутасаддилари жамоатчиликка аввалдан тушунтириш беришлари керак эди. Аммо бизда бу тизим ҳамон оқсоқланишда давом этмоқда.

30 йилдан бери Франция ва Ўзбекистон муносабатларини Амир Темурнинг тарихий хати билан бошлаган таҳлилчи журналистлар гоҳида ташрифдаги оддий саволларни очиқ қолдиради. Балки, бу ташрифларни ёритишда, турли ёндошув ва қарашларнинг етишмаслиги билан боғлиқдир.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияда қандай қаршиланиши ва ташрифнинг иккинчи кунигина президент Макрон билан учрашуви ҳақида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ижтимоий тармоқлар орқали барчага жавоб қайтарди:

«Францияда Президент томонидан Елисей саройида қабул қилиш маросимининг шаклланган стандарти бор. Бундан тўрт йил олдин ҳам, худди шундай кутиб олинган. Ёки Франция учун ўта муҳим бўлган бошқа давлат раҳбарларини ҳам ҳудди шундай кутиб олишади. Эътибор берган бўлсангиз, Қатар амири ҳам худди шундай кутиб олинган. Ва ёки бошқа давлат раҳбарларини ҳам шундай қабул қилишади. Қиёслаш учун, кейинги 4 йилда Мирзиёев икки марта Елисейда қабул қилинаяпти. Путин эса, бир марта Францияга таклиф қилинди, унда ҳам Елисейда эмас, балки Версальда - норасмийроқ кўринишда қабул қилинди.

Ҳақиқатда, бизда кутиб олишни ошириб юборишади. Америкада ҳам, Европада ҳам аэропортда кутиб олишга деярли ҳеч ким чиқмайди ва чиқмаслигини "ҳақорат" деб талқин қилинмайди. Асосийси - таклиф қилаяпти, сўзлашаяпти, мулоқот ва ҳамкорлик бўлаяпти... 

Путин ҳали Украинага уруш бошлашидан олдин уни ёқтиришмас эди. Мисол, 1999 йил декабрда ҳокимиятга келган Путин бир марта ҳам Вашингтонга таклиф қилинмаган. Ўрганиб кўришингиз мумкин. Лекин бошқа шаҳарларига борганми-йўқми, билмайман...

Энди, "Нега Мирзиёевни Макрон бугун қабул қилаяпти?" деган савол бўйича — бу протоколда ойлар, ҳафталар олдин келишилади. Президент Мирзиёев кеча кечроқ (21 ноябрь назарда тутилмоқда. Таҳририят.) Францияга етиб борган. Бориши билан фақат битта каттароқ учрашув ўтказган - бизнес доиралари вакиллари билан. Асосий учрашувлар ташрифнинг иккинчи куни, бугунга  (22 ноябрь) белгиланган бўлган."

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар