2017 йилдан бери ўсиб бораётган ташқи қарз миқдори  камайишни бошлади

22.11.2022 09:31

Давлат қарзи қолдиғи 2022 йилнинг 1 июль ҳолатига 26,0 млрд. АҚШ долларни (шундан, давлат ташқи қарзи – 23,26 млрд. АҚШ долл., давлат ички қарзи – 2,77 млрд. АҚШ долл.) ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 35,1 фоизни ташкил этди.

Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳини эълон қилди. 

Унга кўра, давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2021 йил бошида 39,0 фоиздан (2021 йил якунида – 38,0 фоиз) 2022 йилнинг 1 июль ҳолатига 35,1 фоизгача пасайди.

Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзини «мўътадил» даражада ҳисоблаган.

Ташқи қарзлар нималарга сарфланган?

2022 йил I ярим йиллиги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 25,8 фоизи ёки 6,0 млрд. АҚШ доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 11,8 фоизи ёки 2,7 млрд. АҚШ доллари электр-энергетика соҳасига, 12,8 фоизи ёки 3,0 млрд. АҚШ доллари энергетика соҳасига, 10,6 фоизи ёки 2,5 млрд. АҚШ доллари транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 10,4 фоизи ёки 2,4 млрд. АҚШ доллари қишлоқ ва сув хўжалигига, 9,5 фоизи ёки 2,2 млрд. АҚШ доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

Қайси ташкилот ёки давлатлардан қарзмиз?

Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлардан (ХМИ) жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 11,2 млрд. АҚШ долларни ёки давлат ташқи қарзининг 48,1 фоизини ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.
Халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,4 млрд. АҚШ доллари), Жаҳон банки (4,4 млрд. АҚШ доллари) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд. АҚШ доллари) ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этилишича, давлат ташқи қарзининг манбалари диверсификацияси таъминланган бўлиб, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари (ХҲМТ) ҳиссасига давлат ташқи қарзи қолдиғининг 9,4 млрд. АҚШ доллари ёки 40,7 фоизи тўғри келади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий кредиторлари Хитой эксимбанки,Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурларни давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб этилган.

Кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича харажатлар давлат корхоналари томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш натижасида тушган маблағлар ҳисобидан сўндирилади

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг давлат қарзи қолдиғи 2017 йилда 11, 6 миллиард ёки ЯИМга нисбатан 18 фоизни ташкил этган бўлса 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 26,3 млрд. АҚШ долларни ёки ЯИМга нисбатан 38 фоизга етган эди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар