Ўзбекистон давлат бошқарувидаги энг катта мантиқсизлик — Ҳокимнинг сенатор бўлиши

21.11.2022 19:07

“Ҳоким сифатида ижро вакили, сенатор ва депутат сифатида қонун чиқарувчи ҳокимият вакили саналади. Бу ҳам етмагандек, Сенат Олий суд раҳбариятини тайинлаш орқали суд ҳокимиятига ҳам билвосита таъсир ўтказа олади. Бу мантиқсизлик, албатта.”  

Д.ҒАНИЕВ 

Ўзбекистонда тартибга кўра, барча вилоят раҳбарлари бир вақтнинг ўзида Олий Мажлис Сенатига ҳам сайланади. 2020 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтган сайловлардан сўнг 16-17 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлислар бўлиб ўтди. Унда амадаги қонунчиликка кўра доимгидек 14 та ҳудуд раҳбарлари Сенат аъзолигига сайланган.

Мантиқсизлик қаерда?

Бугунги кунда 14 та ҳудуд раҳбарлари бир вақтнинг ўзида ҳоким ва сенатор ҳисобланади. Демак, қонунчиликка кўра бир вақтнинг ўзида сенатор ва ҳоким бўлган вилоят раҳбарлари қуйидаги ваколатларга эга.

Биринчидан, сенаторлар Ўзбекистон Конститутциявий суди, Олий суди ва хўжалик судини сайлайдилар. Бу уларнинг мутлақ ҳуқуқи. Яъни, айтайлик қайсидир вилоят ҳокимининг иши судда кўриладиган бўлса, уни ўзи тайинлаган судья кўриб чиқиши кутилади. Бу ерда судьянинг адолатли бўлиши ва манфаатлар тўқнашуви бўлмаслигига кафолат йўқдек.

Иккинчидан, сенатор ва ҳоким лавозимини эгаллаган мулозимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раисини ҳам сайлаш мутлақ ҳуқуқига эга. Яъни, дарахткесар ҳокимларга дакки берувчи Экология қўмитасини раисига ҳам вилоят ва шаҳар ҳокимининг ўзи сенатор сифатида овоз беради. Балки, шунинг учун ҳам Экология қўмитаси раиси “кресло”ни сақлаш ёки сенатор ҳокимни танқид қилиш танлови орасида қолганда биринчи вазифани танлашга интилса керак. Шу вақтгача экология қўмитаси дарахт кесиш масаласида бирон бир сенатор ҳокимни очиқ танқид қилмаган.

Учинчидан, сенатор ҳокимлар яна ўз-ўзини назорат қилиш, ўзига ўзи сенаторлик сўрови юбориш ваколатига ҳам эга. Яъни, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан парламент сўрови йўллашга ҳақли. Сенатор ҳоким ўзини ўзи жазолаши ва сўроқ қилиши сизнинг-ча қанчалик адолатли?

Тўртинчидан, сенатор ҳокимлар бюджет пулини тўғри сарфланишини назорат қилувчи Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Вилоят ва Тошкент шаҳар бюджетини сарфлашга бевосита алоқадор бўлган сенатор ҳокимларга яна бир ўз назоратчиларини тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ҳуқуқи берилган.

Қонунчиликдаги сенатор ҳокимлар амалиётини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев “мантиқсизлик”, деб атаган. Депутат rost24.uz сайтига мазкур масала юзасидан қуйидагича фикр билдирди:

“Бу амалиёт орқали бир шахс бир пайтни ўзида ҳокимиятнинг 3 та мустақил бўғинига бевосита ёки билвосита таъсир ўтказишга имкон беради. Ҳоким сифатида ижро вакили, сенатор ва депутат сифатида қонун чиқарувчи ҳокимият вакили саналади. Бу ҳам етмагандек, Сенат Олий суд раҳбариятини тайинлаш орқали суд ҳокимиятига ҳам билвосита таъсир ўтказа олади. Бу мантиқсизлик, албатта. Қолаверса, тўғридан тўғри эҳтимолий манфаатлар тўқнашувига ҳам сабаб бўлади. Лекин қанчалик мантиқсизлик бўлмасин, қонуний амалиёт. Чунки, Конститутцияда шунга рухсат берилган.”

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
15
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар