Ўзбекистон мудофаа расмийлари АҚШ даъволарини рад этди. Президент фармонини "фейк" деб атади

20.11.2022 08:45

 АҚШлик ҳарбийлар Ўзбекистонда заҳарланганмиди? Ўзбекистон мудофаа раҳбарияти буни «фейк» деб атади

2001 – 2005 йилларда Қарши — Хонобод базасида хизмат қилган АҚШ ҳарбийлари радиоактив заҳарланиш таъсирида бўлган. Бу даъвони АҚШ ҳукумати 2021 йилда текширишга фармон берди.

Қарши — Хонобод базасида бўлган АҚШ ҳарбийларининг 70 фоизи нисбатан кам учрайдиган саратон тури ва бошқа оғир хасталикларга чалингани ҳақидаги маълумотлар айтила бошланди. Агарда, уларнинг айнан Ўзбекистонда заҳарлангани аниқланса, бу Қарши — Хонобод базаси атрофидаги аҳоли ва ўзимизнинг ҳарбийларнинг ҳам саломатлиги хавф остида эканлигини билдиради.

Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида Мудофаа вазирлиги мутасаддилари билан ўтган матбуот анжуманида журналистлар томонидан ушбу масала ҳам кўтарилган.

Ўзбекистон мудофаа мутасаддиси мазкур маълумотни «фейк»ка йўйган. Мудофаа расмийси аввалига юқорида қайд этилган маълумотларни ёлғон ва тасдиқланмаган «фейк» ахборот, деб атаган. «Агарда ўша ҳарбий қисмда радиоактив моддалар бўлганда биз ҳарбийларни у ерга жойлаштирмаган бўлар эдик. Бу ўйлайманки, нотўғри маълумот. Нима дейди «фейк» хабар дейдими? У жойда, яъни АҚШ ҳарбийлари турган базада ҳеч қандай ядровий ёки кимёвий нарсалар йўқ. Сабаби, у ерда ҳарбийлар хизмат ўтаб келмоқда. У ерда сиз айтаётган нарсалар ва аҳоли йўқ», деган мудофаа расмийси. 

Аммо, сўз олган кейинги расмий умуман бошқача маълумотларни тақдим этган. Унга кўра, ишчи гуруҳ тузилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан текширув олиб борилганини таъкидлаган. Шунингдек, у қуйидаги далилни келтирган: «Ҳарбий қисмларда радиацион ҳолат доимий равишда ҳар куни текширилиб турилади. Кунлик журнал юритилиб, мониторинг олиб борилади. Иккинчидан, у ерда аҳоли ҳам бор. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда аҳоли ҳам тўлиқ қайтадан текширувдан ўтказилган. У ерда тупроқда ва ҳавода хам белгиланган миқдордан ортиқ нарса кузатилмаган», деган мудофаа расмийси. 

АҚШ ҳарбийларининг Ўзбекистонда касаллангани «фейк» ахборотми?

2001 — 2005 йиллар давомида АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда операцияларни бажариш учун Қашқадарёда жойлашган Қарши — Хонобод базасидан ижара асосида фойдаланган. Кейинчалик мазкур ҳарбий зонада хизмат қилган аскарларнинг кўпчилигида (16 минг аскарнинг орасида 491 нафарга яқини саратон касаллигига учраган) саратон касаллигининг турли кўринишлари аниқланган ва уларнинг айримлари мана шу касалликдан вафот этган. 

Йиллар давомида касалланган аскарлар ва марҳумларнинг яқинлари АҚШ ҳукуматидан компенсация тўлаб беришни талаб қилиб келган эдилар. Бироқ, ҳукумат уларнинг даъвосини рад этиб келган. Бу ҳақида «Америка овози» журналисти Навбаҳор Имомова қатор видеоматериаллар тайёрлаган, Қарши – Хонобод ҳарбий базаси атрофидаги аҳоли билан суҳбатлар уюштирган.

2021 йил январь ойида АҚШнинг собиқ президенти (ўша вақтдаги амалда бўлган) Доналд Трамп Қарши Хонобод ҳарбий базасида хизмат қилган ҳарбийларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва радиоактив заҳарланиш хавфини ўрганиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Забиҳулло Саипов ВВС ўзбек хизматига берган интервьюсида, бу ҳужжат ҳали ҳарбийларни айнан Ўзбекистонда заҳарланганини англатмаслигини билдирган. З.Соипов АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистондан кейин Ироқ ва бошқа нуқталарда ҳам радиоактив заҳарланишни орттирган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. 

АҚШ тарафда расмий ва мустақил тадқиқотчилар томонидан ўрганилган маълумотларга кўра, Қарши — Хонобод базаси совет иттифоқи даврида радиоактив чиқинди билан заҳарланган ерга қурилгани айтилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар