Ёхуд АҚШ президенти ва Буюк Британия қироличаси учун томоша қўйган Фахриддин Ахназаров ҳақида
Фахриддин Ахназаров Самарқанд вилояти Пахтачи туманининг Фориш қишлоғида дурадгор оиласида 11 фарзанднинг саккизинчиси бўлиб дунёга келган. Туғилганда 6 кг. 200 грамм бўлган экан. 12 ёшида акаси – «Ўзбек йўлбарси» деб ном қозонган Баҳром Ахназаров изидан бориб, цирк санъатига қадам қўйди.
– Гиннес рекордларига киришим шундай бошланган эди. Тинч океани минтақасидаги давлатлар бўйлаб гастролга чиққандик. Майкл (гуруҳ раҳбари) жуда хавотирланди. Чунки чипталаримиз қиммат эди. Шунда мен Майклга бир таклиф билдирдим: «Чиқишларимиздан бир ой олдин рекламамиз учун йўловчи самолётни маълум масофагача тортиб бораман. Ҳали бу трюкни дунёнинг ҳеч бир полвони бажарган эмас. Газеталар бу ҳақида ёзади ва биз бепул реклама уюштирамиз», – дедим. Майкл ишониб-ишонмай таклифимга рози бўлди. Мен шу тариқа Гонконгда биринчи рекордимни ўрнатдим.
«Рекордларим ичида Араб амирликларида кўрсатган трюкимдан ўзим ҳам фахрланаман. Ўшанда ҳар бири 7 тонна келадиган АҚШ ҳарбий юк машиналарини тишимда тортган эдим», – дейди Фахриддин Ахназаров Россиянинг «Факты» сайтига берган интервьюсида.
29 марта Гиннес рекордларига киритилган Фахриддин қўлларининг кафти билан тахтага 100лаб михни қоқади, тишида 150 килограммлик юкни бемалол кўтаради, 16 йўловчиси бор автомобилни бир қўли билан ҳеч бир қийинчиликсиз маълум масофагача тортиб бора олади.
Болаликдаги кумири – Голливуднинг энг машҳур актёрларидан бири Арнольд Шварценеггернинг Фахриддин Ахназаров чиқишларини кўриш учун фарзандлари билан бирга томошага келиши, шунингдек, АҚШнинг 42- президенти Билль Клинтон, Англия қироличаси Елизавета II ларнинг ўзбек полвони шоу-дастурига ташриф буюриши, «Оскар» тақдимотида чиқиш қилгани, жаҳон кино санъати намоёндаси Жеки Чаннинг бирга фильмга тушиш таклифини билдириши...
Бу каби муваффақиятлар донғи дунёга таралган полвонни асло ҳаволантирмаган. У ҳамон ўзини дунё миқёсида тасаввурга сиғмас натижаларга эришган музаффар инсон эмас, фарзандлари учун жонкуяр ота, рафиқаси учун вафодор умр йўлдош, уни тарбиялаб вояга етказган ота-онасининг юзини ерга қаратмаган қобил фарзанд деб билади.
Оиланинг катта фарзанди Бахром Ахназаров билан бошланган полвонлар сулоласининг цирк санъатидаги фаолиятини Қаҳрамон, Озод, Наврўз, Камол, Мўминжон, Шоҳрух, Улуғбек Ахназаровлар давом эттирмоқда.
«XX аср Геракли» – Фахриддин Ахназаровнинг замондоши, қишлоқдоши, ва тенгдоши ўлароқ бир пайтлар бу оила туфайли бутун бир туман ёшлари оғир атлетика билан шуғуллана бошлаганини ва қишлоғимиздаги ҳар бир хонадонда шу спорт турига оид спорт анжомлари пайдо бўлганини чуқур бир ифтихор билан эслайман.
Ҳар даврнинг ўз қаҳрамони, ҳар давранинг ўз лидери бор. Ўзбек мумтоз спорт турини жаҳон цирк аренасига олиб чиқиб, миллатлараро танитган, замонавий цирк шоулари билан уйғунлаштира олган Ахназаровлар том маънода миллатимизнинг шарафидир.
Муҳайё ПИРНАФАСОВА