Россиядаги хорижликлар ҳам урушга юборилади. Бу мигрантларимизга ҳам тааллуқлими?

15.11.2022 10:16

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги нега огоҳликка чақирмоқда?

Путин янги фармонни имзолади. Фармон 14 ноябрдан кучга кирди. Унга кўра, Россияда яшаш ҳуқуқи (ҳужжат)га эга бўлган хорижликлар ҳам ҳарбий хизматга чақириладилар.

Фармонга кўра, энди хорижий давлат фуқаролиги ёки яшаш учун рухсатномаси бўлган аскарлар, матрослар, сержантлар, бригадирлар ҳам ҳарбий хизматга чақирилади. Фуқаронинг хорижий давлат ҳудудида бўлишини тасдиқловчи бошқа ҳужжат ихтиёрий ҳисобланади ва Россия Қуролли кучлари ҳамда ҳарбий тузилмаларида шартнома бўйича ҳарбий хизматга чақириш йўли билан амалга оширилади.

Хабар ортидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўради.

Қарор матнидан кўринадики, чет эл фуқаролари, яъни мигрантларни ёки резидентларни ҳарбий хизмат ўташга мажбурланмайди.  Лекин қарор чет элликлар ўзлари хоҳласа Россия армияси сафига қабул қилишни назарда тутади. Бу ҳолат эса Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Чунки, Ўзбекистон Жиноят кодексида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш органларига хизматга кириш, ёлланиш бўйича жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Маълумот учун, 14 ноябрь куни эълон қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига аъзо давлатларнинг Украина фойдасига товон тўлаш масаласида берган овозлари натижаларига кўра, Афғонистондан ташқари Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари бетараф позицияни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча марта Россияда қамоқхоналарда бўлган хорижликлар, хусусан ўзбекистонликлар ҳам урушга юборилаётгани ҳақида хабарлар берилган ва Ўзбекистон элчихонаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги бу масала бўйича огоҳлантириш эълон қилган эди.

Шунингдек, 9 ноябрь куни Украина бош разведка бошқармаси вакили Вадим Скибиский ўз интервьюсида Ўзбекистон РФга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётганини, бу давлатга ракеталар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, Америка ва Япония томонидан ишлаб чиқарилган қисмларни сотаётганини айтган, Ўзбекистон эса расман бу айбловларни рад этиб, Украина томонининг расмий сўровлари келиб тушган тақдирда, уларни қизиқтирган масалаларни ўрганиш ва холис маълумот беришга тайёрлигини билдирган.

Путин томонидан эълон қилинган мазкур фармондан сўнг ҳам Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги фуқароларимизни ўз ҳимоясига олиб, уларга расмий мурожаат йўллаши кутиляптими? Ҳозирча бу ҳақда бирор маълумот берилмади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
15.11.2022 16:33
ВАТАНИМИЗ, УЗБЕКИСТОНИМИЗГА КУЗ ТЕГМАСИН, ТИНЧЛИГИМИЗ БАРКАРОР БУЛСИН, АЛЛОХ УЗБЕКИСТОНИМИЗГА, ХАЛКИМИЗНИ, БОЛАЛАРИМИЗНИ, МУСОФИРЛАРИМИЗНИ ПАНОХИДА АСРАСИН, ИЛОХИМ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ СОГ САЛОМАТ БУЛСИНЛАР, УЛАРНИНГ СОГЛИГИ, ЮРТИМИЗ ТИНЧЛИГИДИР