Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ҳимоясидами? Жаноб Бобожонов бу бўйича бизда шубҳа бор

10.11.2022 17:44

Ички ишлар ходимларини фуқароларга нисбатан қийноқ қўллаши ҳақида гапирганда, "Ўрганган ҳунар, ўлганда қолади", деган эди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев президентликка сайланган биринчи йилликда қийноқларга барҳам беришга асосланган фармонга имзо чеккан. У «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ҳақида гапирар экан ҳужжатни қабул қилиш осон бўлмаганини айтган эди.

Орадан 5 йил ўтди. Бу вақт оралиғида Ички ишлар идораси деворлари ортига кириб кетган бир неча фуқароларнинг тирик қайтмагани ёки калтаклангани ҳақида матбуотда бот-бот ёзилди.

Куни кеча 15 ёшни қарши олаётган ўсмир йигитнинг ички ишлар идораси тасарруфида бўлган вақтда вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди. Йигит Онасининг хўрланиб йиғлаганини бефарқ кўриб бўлмайди.

Аслида фуқаролар, бизни ҳуқуқимизни муҳофаза қилиши керак бўлган давлат идорасидан 15 ёшли соғлом йигитнинг ўлиги чиққани тизим катта ислоҳотларга муҳтож эканини кўрсатмайдими?

Ёлғиз аёлнинг 15 йил ўстирган ягона фарзанди давлат идорасида олган тан жароҳатлари туфайли вафот этди. Ички ишлар раҳбарияти эса, жавобгар идора сифатида баёнот бермади. Тизимдаги камчиликларни бўйнига олиб, фавқулодда муносабат ёки йиғилишлар ҳам ўтказгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ҳимоясидами? Бу савол ҳозирча шубҳа остида қолаётгандек.

Мазкур воқеа матбуотда тарқалгач, на Болалар Омбудсмани на инсон ҳуқуқлари маркази ва на бошқа давлат амалдорлари ҳайқириқ билан чиқди.

«Инсон қадри» сиёсати ҳақида гапириб оғиз кўпиртирган биронта амалдор шахсан Ички ишлар вазири Бобожоновдан ҳисобот сўрагани йўқ. Бу гўёки давлатда инсон қадри, фуқаролар хавфсизлиги билан ҳукуматнинг чақалик иши йўқдек таассурот қолдиради.

Сабаби шу вақтгача ички ишлар идорасида калтакланган ва ҳалок бўлган қатор ўлимларга гувоҳ бўлдик ва уларни хотиржамлик билан ҳазм қилдик.

2020 йил май ойида Андижонда фуқаро ички ишлар ходимлари томонидан калтакланган ва оқибатда вафот этган. Мазкур иш бўйича Андижон шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Яна худди шу йили Чироқчида уч нафар гумондор бўлган фуқаро ички ишлар ходимлари томонидан аёвсиз калтакланган ва оқибатда улардан бири вафот этган. Ички ишлар ходимларига нисбатан эса жиноят иши қўзғатилган.

2021 йилда 41 ёши солиқ мулозимининг ички ишлар ходимлари томонидан мажбуран олиб кетилиши вақтида вафот этгани оммавий ахборот воситаларида катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Биз бу каби мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Ички ишлар матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов аксарият ҳолатларда идорада вафот этган фуқароларнинг ўзи айбдорлиги ва «худо урган» бандалигини айтиб келади.

Ички ишлар идорасида фуқароларнинг калтакланиши ва ҳалок бўлиши ҳақидаги хабарлар одатий ҳолатга айланаётгандек. Аммо, шу вақтгача вазир Пўлат Бобожонов тизимдаги камчиликлар юзасидан ҳукумат ёки журналистлар қаршисига чиқиб ҳисобот берганига гувоҳ бўлмадик. Давлат идорасидаги ўлимлар учун ҳукумат тараф айбдор эканлигини, тизимда ислоҳот қилажагини билдирмади. Rost24 куннинг долзарб саволини ўртага ташлайди «Вазир пўлат Бобожонов, Ўзбекистон фуқаролари, уларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидами?».

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
21
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
14.11.2022 17:17
Yo'qolsin Norboyeva, Yo'qolsin Mirziyoyev, Yo'qolsin Ortiqxo'jaev
11.11.2022 16:49
Juda Alamli Alloh jazosini bersin qotillarni marxumni oilasiga sabr
11.11.2022 14:15
Obro`ning borida o`z ixtiyori bilan etakni yopish kerak
11.11.2022 12:05
Tepada ollox korib turbdi olloxtan qorqish kerak bizdaqa osiy gunoxkorlar kim bolibti olloxning oldida qiyomatda nima deb javob javob beramiz bilmadim
11.11.2022 03:57
Гаприши. Фоедаси.еок бу тизим. Озгармиди