Kun.uz мухбири Исомиддин Пўлатов Самарқандда содир бўлган мазкур шубҳали ўлим ҳодисаси аслида қандай юз берганини ўрганиш мақсадида Болиевнинг яқинлари ҳамда ҳодисага алоқадор томонларни эшитиш учун воқеа тафсилотлари ортидан борди.
***
Болиев Оқдарё туманидаги ота уйида яшаб келган. Фарзандларининг алимент пулини вақтида тўлолмагани учун 2022 йил 25 октябрь куни унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Марҳумнинг яқинлари Рашид айрим кунларда ўзи ишлайдиган машина ювиш шохобчасида ҳам тунаб қолганини айтмоқда. Охирги марта уни 20 октябрь куни кўришган.
Марҳумнинг отаси Нор Болиев ўғли билан боғлиқ шунча ҳаракатлар бўлиб ўтганидан сўнг, аниқроғи у вафот этгач хабар топганидан норози бўляпти.
“Нега МИБ ходимлари ўғлимга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган вақтда бир оғиз хабар бериб қўйишмади? Биз ҳаракат қилиб ўша қарзни тўлардик. Ёки ички ишлар ходимлари ўғлимда руҳий ўзгариш бўлган пайтда бизга хабар бермади? Нега шифохоналар ўғлим ўлиб бўлгач, бизга хабар беряпти? Боламда ҳеч қандай сурункали хасталик ёки руҳиятида бузилиш бўлмаган. Бунга ишонмайман. Агар шундай бўлса, буни биз йиллар давомида билишимиз керак эди”, дейди Рашиднинг отаси.
Жамшид Болиевга кўра, унга дастлаб маҳалла раиси укасининг вилоят руҳий касалликлар шифохонасида эканлигини маълум қилган. У шифохонага етиб борган пайтда укаси аллақачон вафот этгани айтилган.
“Шифохонада ўлим сабабини сўраганимда, у ерга оғир аҳволда олиб келинганини айтишди. Шифокорлар укам билан суҳбатлашишганда, уни ички ишлар ходимлари урганини айтишган. Укам соғлом йигит эди, унинг ўз ажали билан ўлганига ишонмайман”, деди Жамшид Болиев.
Марҳум вафот этганидан сўнг унинг бир нечта жойларида жароҳат излари аниқланган. Бизга тақдим қилинган суратларда унинг юз, қулоқ, бурун қисмида, шунингдек, оёқларида ҳам қонталаш жароҳатлар кўриниб турибди.
Алимент ундириш масаласи билан шуғулланган Мажбурий ижро бюросининг Оқдарё туман бўлими ходими Асрор Рўзиев ҳам Рашиднинг руҳий муаммоси бўлмаганини айтмоқда. Одатда иш судга тақдим қилинишидан аввал махсус тизим орқали фуқарога оид маълумотлар инобатга олинади.
Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонада ҳам бўлдик.
Қабулхона бошлиғи, подполковник Суҳбат Ғаффоров 26 октябрь куни Болиевда икки марта эпилепсия кузатилганини айтди. Иккинчи мартасида бошини деворга урган ва жароҳат олган. Шундан сўнг у бошқа хонага олинган ва 27 октябрь куни ўзига ўзи гапириб, тана аъзоларига жароҳат етказгани айтилмоқда.
Ғаффоров қоидага кўра, Болиевга махсус текширув тайинлангани ва натижада унинг руҳий ҳолатида муаммо бўлгани сабабли вилоят руҳий касалликлар шифохонасига юборилганини айтди.
“Рашид олиб кетилаётган пайтда ҳолати ёмон эмасди. Юзи ва бош қисмидаги жароҳатлар шу ерда бўлди. Бироқ унинг оёғидаги жароҳат йўқ эди”, деди Ғаффоров.
Қабулхона бошлиғи Рашидда эпилепсия (тутқаноқ) кузатилганидан сўнг у билан суҳбатлашгани ва бу жараённи ҳам тасвирга олганини айтмоқда. Ўша суҳбат давомида марҳум мактабни битирганидан буён тутқаноқ касаллиги билан оғриб келганини айтган. Шу тасвир ва Рашиднинг йиқилган ҳолати акс этган видео Kun.uz’га тақдим қилинди.
ИИБ Болиев маҳкамадан олиб кетилаётган вақтда унинг ҳолати қандай бўлгани билан боғлиқ тасвирларни тақдим қила олмади.
Рашид Болиев билан бир хонада турган ва унда тутқаноқ кузатилганига гувоҳ бўлганлар билан ҳам суҳбатлашдик. Биз билан мулоқотда бўлган уч гувоҳ маҳкама ичида Рашид биров билан зиддиятга бормагани, жисмоний куч ишлатилмагани ва унда эпилепсия кузатилгани ҳақида гувоҳлик берди.
Биз вилоят руҳий касалликлар шифохонаси бош врачи Акмал Аҳроров билан телефон орқали суҳбатлашдик. Аҳроров шифохонага Рашид турли жароҳатлар билан олиб келингани ва ўша пайтда у мустақил ҳаракат қилмагани, бошқаларнинг ёрдами билан ювинтирилганини айтмоқда. Бош врачга кўра, Болиевнинг оёғидаги жароҳат шифохонада бўлмаган. Одатдаги руҳий беморларда талваса кузатилганда қўлланадиган чоралар ҳам қўлланмаган. Чунки бемор келганидан бошлаб соғлиғи ёмонлашган, жисмоний қуввати ҳам бўлмаган.
Томонларни эшитиб, факт ва далилларни таққослар эканмиз, вазият анча мураккаб эканига амин бўлдик. Рашид Болиевда кўплаб жароҳатлар бор.
ИИБга кўра, марҳум шифохонага кетаётганда ўзи мустақил ҳаракатланган ва оёқларидаги жароҳат бўлмаган.
Бош врачга кўра, шифохонага борганидан сўнг ҳеч қандай тутқаноқ кузатилмаган, бемор деярли мустақил ҳаракат қилмаган, уни боғлаш орқали оёғига жароҳат етказиб қўйиш хавфи ҳам бўлмаган.
Оқибат, шу пайтга қадар руҳий хасталиги бўйича бирор жойда рўйхатда турмаган Рашид Болиев 34 ёшида вафот этди. Агар у ўлар ҳолатда бўлса, нега руҳий касалликлар шифохонасига юборилди ва қабул қилиб олинди, деган саволлар эса очиқ қолмоқда.
Марҳумнинг ўлими сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси, ИИБ ходимлари ва шифокорларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.
Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.