Ўзсаноатқурилишбанк Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

04.11.2022 11:00

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш” мавзусидаги II Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида Ўзсаноатқурилишбанк ва Халқаро молия корпорацияси(ХМК) ўртасида мандат хати имзоланди.

Ушбу ҳужжатга кўра, ХМК банкка 50 миллион доллар миқдорида субординацияланган кредит ажратиш ҳамда еврооблигацияларни муомалага чиқариб, уни хусусий тарзда жойлаштиришга кўмаклашув тақдим этади.

Бу билан корпорация Банк капиталининг етарлилигини таъминлаш орқали унинг хусусийлаштиришдан аввалги тадбирларига кўмаклашишни кўзда тутмоқда. Хусусан,банкнинг кичик ва ўрта бизнес субъектларини кредитлаш имкониятини ошириш ҳамда халқаро капитал бозорларида еврооблигацияларини иккинчи бор жойлаштиришини моддий ва консультатив қўллаб-қувватлайди.

ХМК 2018 йилдан буён Ўзсаноатқурилишбанк тизимида корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, бизнес жараёнларни қайта кўриб чиқиш, унинг операцияларини тижоратлаштириш, хавфларни бошқаришни такомиллаштириш ҳамда “яшил” банкингни ривожлантириш борасида яқиндан кўмаклашиб келмоқда.

Банк фаолиятини диагностикадан ўтказиб, мижозга йўналтирилган тамойилда иш йўлга қўйилганидан сўнг, бугунги томонлар ўртасидаги ҳамкорлик трансформациянинг учинчи босқичида IT тизимни янгилаш ва тегишли инфратузилма яратишга қаратилган янги бизнес модел асосида олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ХМК  Ўзсаноатқарилишбанкка жорий йилнинг август ойида 75  миллион доллар миқдорида кредит линияси жалб қилган. Ушбу  маблағ муассасани хусусийлаштириш жараёнига тайёрлаш бўйича зарур чораларни амалга ошириш учун унинг акциядорлик капиталига конвертация опцияси билан ажратилган эди. 

Банк Ахборот хизмати

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар