Ўтмишдан хулоса қилган Тўқаев қариндошларини амалга яқинлаштирмоқчи эмас

03.11.2022 13:52

Қозоғистон президентининг яқин қариндошларига давлат идораларида раҳбар бўлиш тақиқланмоқда. Бу қайси лавозимлар?

Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбаевнинг оила аъзоларини раҳбарлик лавозимларини эгаллагани, кейинги вақтлардаги  суд жараёнларида эса улар томонидан миллиардлаб маблағларни ўмарилгани юзага чиққани ва алалоқибат мамлакатда бу оилага нисбатан нафрат катта намойишларга туртки берганидан хулоса чиқарган Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз сайловолди кампанияси ибтидосида қариндошларини раҳбариятга яқинлаштирмасликни ваъда қилаётганди. Унинг бу ваъдаси тез орада амалга ошадиган кўринади.   

Қозоғистон парламенти президент ваколатларини қисқартирувчи тузатишларни қабул қилди.

Жумладан, давлат раҳбарининг парламент юқори палатасини шакллантиришдаги иштироки қисқартирилиб, унинг маҳаллий вакиллик ва ижроия органларига таъсири чекланди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг президентлик даврида сиёсий партияларга аъзо бўлиши тақиқланди.

Мамлакат Адлия вазири Канат Мусин президентнинг қариндошлари қандай лавозимларда ишлай олмаслиги, шунингдек, расмий ҳужжатларда кимлар қариндоши сифатида тан олинишини маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.kz

Мусин Қозоғистон Марказий коммуникациялар хизмати брифингида  қонунга кўра кимлар яқин қариндошлар деб таснифланади ва Президентнинг яқин қариндошлари қандай лавозимларни эгаллаши мумкин эмаслиги масаласига батафсил тўхталиб ўтди.

«Қонунда ота-оналар, болалар, фарзанд  сифатида асраб олганлар, фарзандликка олинганлар, ака-ука ва опа-сингиллар, бобо, буви, набиралар яқин қариндошлар сифатида таснифланган. Коррупцияга қарши қонун ҳужжатларида шунингдек, қайнона-келинлар, қайнота куёвлар яъни турмуш ўртоқларнинг яқин қариндошлари учун ҳам чекловлар белгилаб қўйилган». - деди вазир.

Унинг таъкидлашича, Президент қарори билан сиёсий ва маъмурий давлат хизматчилари лавозимлари реестри белгиланган бўлиб, улар таркибига вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар, давлат органлари раҳбарлари ва бошқалар киради.

«Шундай қилиб, қонунчилик даражасида тегишли тақиқлар ўрнатилгандан сўнг, масалан, Президентнинг укаси, опа-синглиси, фарзандлари «Самрук-Казина» ёки «Байтерек» каби миллий компанияларда раҳбарлик лавозимини эгалламайди, - деди Мусин.

Унга кўра, бундай лавозимлар қаторига маълум даражадаги дипломатик лавозимлар ҳам киритилади.

Журналистлар ҳозирда Қозоғистоннинг Болгариядаги элчиси бўлиб ишлаётган Токаевнинг қариндоши лавозимидан четлаштириладими ёки йўқми, очиқ манбаларга кўра, Токаевнинг синглисига турмушга чиққан Темиртай Избастинга ишора қилиб, аниқлик киритишди.

«Бундай тақиқ киритилиши билан, албатта, ҳамма нарса қонунга мослаштирилади. Бу лавозимни эгаллашига қонун йўл қўймагани учун бўшатади», - деб жавоб берди Мусин.

Эслатиб ўтамиз, Қосим-Жомарт Токаев март ойида Қозоғистон халқига Мурожаатномасида Президентнинг энг яқин қариндошлари сиёсий, давлат хизматчиси ва давлатга тегишли корхоналарда раҳбар лавозимларини эгаллаши қонун билан тақиқланишини маълум қилган эди. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
5
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
05.11.2022 00:37
барака топсин ТУКАЕВ бизларда чи
03.11.2022 21:00
Ахмоқ одам ўз хатоларидан хулоса қилади, ақлли-ўзгаларнинг