Журналистлар уюшмаси мустақил ташкилотми?

19.10.2022 13:57

Ҳар қандай олий давлат органи бўлсада, белгиланган қонун ва тартибларга амал қилиши керак. Шунда Ўзбекистонда бизлар истаган ҳуқуқий демократик жамият бунёд бўлади. Акс ҳолда эса…

Тўғри аввалги бошқарув тузилмасида юқори даражадаги тузилмалар ҳаммага, ҳатто жамоат ва нодавлат ташкилотларга ҳам буйруқ, кўрсатма, топшириқ бериши ва уларни назоратда ушлаши табиий ҳол бўлган. Бундай қонунсизлик оддий тартибот сифатида қабул қилинган. Аммо бугун бошқарув тизими ҳам янгиланди, Ўзбекистон ҳам…

Бироқ ҳамон эски даврлардагидек фикрлашдан воз кечилмаганми ёки Президент Администрациясида қонун ва тартибларни менсимаганлар ўтирадими, аслида мустақил бўлиши керак бўлган Ўзбекистон Журналистлари уюшмасига “юқори” дан топшириқ ва назоратлар давом этаётган кўринади.

Уюшма «15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни» муносабати билан қишлоқ аёлларини ОАВда ёритган журналист ва блогерлар ўртасида танлов ташкил қилди. Куни кеча ушбу танловнинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Журналистлар томонидан ОАВга келган тадбирга таклиф хатида Президенти Администрацияси раҳбарининг топшириғига асосан танлов ўтказаётгани баён этилган.
Журналист уюшмаси раиси “юқори”нинг бу буйруғини қанчалик хаспўшламасин, ушбу танлов Президент Админстрацияси топшириғига асосан ўтказилаётгани ОАВга келган хатда аниқ кўрсатиб қўйилган.

Уюшмалар аслида давлатдан мустақил ташкилот бўлиши керак. Хўш, Журналистлар уюшмаси мустақил ташкилот эмасми?

Rost24.uz мухбири Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаровни бу борада саволга тутди:

— Биз журналистлар уюшмасини мустақил ташкилот деб билардик. Ўзи аслида ҳам уюшмалар давлатдан мустақил бўлиши керак, лекин мазкур танлов билишимиз-ча, Президент администрацияси раҳбарининг буйруғи асосида ташкил этилган экан. Президент Администрацияси уюшмага буйруқ берадиган бўлса, уни мустақиллиги шубҳа остида қолмайдими?

Уюшма раиси, бу буйруқ эмас, балки Президент Администрацияси томонидан ушбу танловни ўтказиш учун таклиф билдирилганини, лекин муддат жуда камлиги учун уларнинг жавобини кутиб ўтирмаганлигини айтиб ўтди.

— Биз Журналистлар уюшмаси ташаббус қилган ҳолда бу танловни ўтказишга жазм қилдик. Аслида бундай танлов ўтказиш режада бор эди. Бу хат эса фақат асос бўлди. Менимча, иш топширган ҳар бир номзод ғолибликка арзийдиган эди. Афсуски, имконимиз етмади сиз айтгандек нодавлат ташкилотмизда бизни бюджетимиз унақа катта эмас. Имконимиз бўлганда иш топширган ҳар бир журналистни тақдирлар эдик, дея жавоб қилди Олимжон Ўсаров.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар