Ўзбекистонни чанг тўзонли оғир келажак кутаётгани айтилмоқда, мутасаддилар эса ёлғон ҳисоботлар билан овора
Ҳар куни қайсидир ҳудудда экологик муаммо юзага келаётгани ҳақида хабарлар берилади. Жамоатчилик нисбатан фаолроқ, ҳаводаги оғир зарралар миқдорини аниқловчи ускуналар нисбатан замонавийроқ бўлган пойтахт билан боғлиқ масалалар бошқа ҳудудларникига қараганда кўпроқ кўтарилади. Тошкент бу бўйича рекорд ўрнатиб, дунёдаги энг ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рейтингида биринчи ўринга чиққани ижтимоий тармоқларда катта муҳокамалара сабаб бўлди. Албатта бунда яшилликка аёвсиз қирғин келтирган, экологик муаммоларни вужудга келишига асос бўлиб хизмат қиладиган қарорларга имзо қўяётган амалдорларнинг алоҳида ҳиссаси бор. Пойтахтни катта қурилиш майдонига айлантирган ҳокимлик вакиллари бу муҳокамаларни бепарво кузатишдан нарига ўта олишмаяпти. «Тишсиз бўри» – экологлардан ҳам садо чиқаётгани йўқ.
"Ёзгандан фойда йўғ-у, ичимдагини ёзиб-ёзиб қўявераманда..."
Таниқли олим, Биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов ҳам ушбу муаммога эътиборни қаратди. Унинг қайд этишича, Марказий Осиёда чўлланиш интенсив давом этмоқда. Сув захиралари камаяётгани, ер ости сувлари қочаётгани фонида яшил биомассани сақлаб қолиш борасидаги фикрлар анча йиллар аввал билдирилган, илмий башоратлар қилинган эди.
Ўша башоратлар ўзини аллақачон оқлаган. Фақат тан олинмасди.
«Бугун эса бир кўрсаткич - Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши расмий қайд этилибди. Бу кўпроқ, чанг, турли жинсларнинг зарралари. Лекин, айрим шаҳарларнинг ҳавоси, буларнинг рўйхати маълум, кимёвий жиҳатдан кучли заҳарланган», дейди Бахтиёр Расулов.
Тошкентни янада оғирроқ келажак кутяпти!
Бахтиёр Расуловнинг ёзишича, Тошкент шаҳри мисолида бизни оғир(роқ) келажак кутмоқда. Бу олис эмас, жуда яқин. Кейинги беш йилликнинг оғир ўтиш эҳтимоллиги жуда юқори. Ҳавонинг нисбий намлиги камайиши, дарахтлар ҳисобидаги яшил биомассанинг ўрни тўлдирилмагани, табиий тўсиқларнинг йўқлиги бу муаммонинг улғайиб боришига олиб келади.
«Биз улкан чангқозон ичида яшаймиз, шуни унутмаслик керак. Инновацион ечимларни қидириш, уларга пул сарфлаш, муҳокама қилиш, сон-саноқсиз тадбирлару кўргазмалар эмас, тайёр, лабораториялардан чиқмаётган, қалин-қалин ҳисоботларда сиёҳи ўчайотган ишланмалардан фойдаланиш керак», дея қайд этди, олим ўз ёзганларидан фойда йўқлигини алоҳида таъкидлаган ҳолда.
Экологияни асрашга масъуллар нима деган эди?
Бир неча кун аввал Rost24.uz мухбири Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари бўлган (ҳозирда бу жой вакант) Исломбек Боқижоновдан «Ўзбекистон табиати ва ҳаво ифлосланишини яхшилаш бўйича аниқ қоғозда қолмайдиган стратегик режа борми?», деб сўраган эди.
Ўша вақтда экологик қўмита номидан жавоб берган амалдорнинг айтишича, катта-катта заводларда чанг-газ тозалаш фильтрларини ишлатиш бўйича дастур бор. Дастур бўйича 787 тадан кўпроқ корхона мониторинг қилинади. Бундан ташқари атмосфера чиқиндисини камайтириш бўйича халқаро тажрибалардан бири - автоматик станциялар ўрнатиш бўйича ҳам тегишли топшириқ олинган. Бу орқали атмосферага чиқадиган чиқиндиларни ҳар секундда аниқлаб бориш имконияти пайдо бўлади. Йилига 2 млн. 300, 2 млн. 400 тоннадан кўпроқ чиқинди атмосфера ҳавосига ташланади. Ундан 909 минг тоннаси саноат корхоналари, ундан қолган 1,3 миллиони автотранспорт воситалари улушига тўғри келади.
Режалаштирилган дастурлар одатдагидек қоғозда қолмайди, деган умиддамиз. Зеро ҳаво ифлосланиши муаммоси фақат пойтахт муаммоси эмас, Навоий, Қарши, Нукус шаҳарлари аҳолиси ҳам бу муаммога тўқнаш келишаётгани ҳақида гапириб келишади. Сабаблар вақтида бартараф этилмаса, жиддий оқибатлардан ҳамма баробар азият чекиши аниқ.