“Таниқли адиб махфий ҳужжатларни очиқлашни сўрамоқда” мақоласига “Ўзархив” агентлиги расмий муносабат билдирди:
Бугун Rost24.uz сайтида эълон қилинган “Таниқли адиб махфий ҳужжатларни очиқлашни сўрамоқда” мақоласи юзасидан “Ўзархив” агентлиги томонидан алоҳида назоратга олган ҳолда хизмат суриштируви тайинланди. Хизмат суриштируви натижалари бўйича тегишли ахборот тақдим этилиши маълум қиламиз.
Маълумот учун : 1. Ўқув залларига кириш ва архив ҳужжатларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 706-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ бепул амалга оширилади. Низомга кўра архив бошқа фойдаланувчиларнинг ишлашига халақит бермаган ҳолда шахсий техник воситаларидан (ноутбук, нетбук, диктофон ва бошқалардан) фойдаланиш ёки архив техник воситаларини ижарага олиш ҳуқуқига эга. Яъни архив ҳужжатларидаги маълумотларни кўчириб олиши ва бу архив ҳужжатларга кейинчалик ўз ишларида ҳаволалар бериши мумкин. Бундан келиб чиқадики ўқув залидан архив ҳужжатларини олиб чиқмаган ҳолда, у ердаги матни кўчириб олишга тўсқинлик йўқ ва архив ҳужжатини электрон нусхасини олиши шарт эмас.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ “Давлат архивлари томонидан кўрсатиладиган пулли хизматларнинг ягона нархномаси” тасдиқланган ва “Ўзархив” агентлиги расмий веб-сайтига жойлаштирилган бўлиб, нархноманинг 3.16.1.1-бандига кўра 1917 йилгача ва ностандарт Қоғоз ҳужжатлардан нусха тайёрлаш 1 варақ учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,08 баробарида тўлов амалга оширилиши белгиланган.
Ўзбекистон тарихига оид бўлган маълумотларни ёритадиган нашрларни тайёрлаш бўйича “Ўзархив” агентлиги доимо ҳамкорлик қилишга ва ҳамкорлик доирасида архив ҳужжатларини электрон нусхаларини бепул тақдим этиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини маълум қиламиз", дейилади агентлик расмий баёнотида.