Президент сиёсатини янги гуруҳ етарлича ёрита оляптими?

12.10.2022 16:42

ЁХУД Президент админстрацияси ахборот хизматига янги “жон”лар келди, аммо ҳеч бир ахборотга жон киргани йўқ

 

Президент ташрифлари бир киши ва бир жамоанинг қалами ёки дунёқараши билан кузатиладиган жараён эмас. Айниқса, бу жамоа кутилмаган бурилишларга тайёр бўлмаса…

Ўтган куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлаётган Дзюдо чемпионатини томоша қилиш учун “Хумо Арена” мажмуасига ташриф буюрди. Аввалроқ матбуот котиб Шерзод Асадов Президентнинг ҳафта давомидаги ташрифлари бўйича ўтказган брифингида бу ҳақида ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Чунки, режалаштирилган тадбирлар орасида Давлат раҳбарининг Дзюдо чемпионатига ташрифи кўзда тутилмаган бўлса керак.

Бироқ, ўша куни соат 17:30 лар атрофида Президент кортежи йўналишини ўзгартириб, тўсатдан йўллар бир фурсатга тўсилди ва Кортеж чемпионат томон бурилди. Давлат раҳбари халқ билан бирга нуфузи бўйича Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турадиган катта мусобақани томоша қилди.

Энг эътиборли жиҳати чемпионатнинг ўзбекистонлик ғолибини Президент шахсан қутлади. 

Мазкур воқеалар 17:30-19:00 атрофида рўй берган бўлса, бу вақт оралиғида “Спорт” телеканалидан бошқа ("Спорт" телеканали мазкур мусобақани тўғридан тўғри ёритиши аввалдан маълум эди) Президент ташрифларини, имижини, сиёсатини ёритадиган бирор бир хизмат мутасаддилари на жонли ва на қисқа хабар тарзида Президентнинг ўзгарган режаси ҳақида хабар бера олмади. Президент админстрациясидаги тезкор ва аниқ ахборот узатиш билан шуғулланаётган катта бир жамоа 21:15 гача воқеа тафсилотлари ҳақида икки қатор ҳам хабар узата олгани йўқ. Ўзини ахборот жамоа сифатида тасниф этаётган бошқа гуруҳ вакиллари каналида ҳам бу ҳақида биронта янгилик кўринмади.

Кортежнинг кутилмаган йўналишни олиши ахборот хизмати вакилларининг тезкорлиги-ю, заковатини синагандек бўлди. Режалаштирилмаган воқеалар олдида қўлида қалами бор жамоа фалаж бўлиб қолгандек кўринди. Ёки янги ўринбосарлар келганига қарамай оддий ахборот ҳамон минг чиғириқдан ўтказиладими? Нима учун Президентнинг Дзюдо чемпионатига ташрифи матбуот хизмати жамоаси тамонидан тезкор ва жонли ёритиб берилмади? 

Президент ташрифлари ва суратлари ҳозирча фақат шу жамоа призмаси остида қабул қилинмоқда. Алоҳида ўзгача қараш билан ёритилувчи бирон бир ахборот хизмати ёки оммавий ахборот воситасига рухсат берилмаган. Ваҳоланки, Президент админстрацияси вакили Комил Алламжонов “Давлат сиёсатини ёритиш ташаббуси билан чиқадиган ҳар қандай нодавлат оммавий ахборот воситалари, у кимга тегишли бўлмасин, Президент Администрацияси томонидан фақат олқишланади. Бу ерда асосий манфаат — давлатимиз тарғиботидир”, дея фикр билдирган эди.

Сентябрь ойида ўтган ШҲТ саммитида ҳам қайноқ хабар ва Президентлар иқтибосларини очиқ ва тезкор ҳолда Ассошейтед Пресс агентлиги томонидан кузатдик.

"Ўзгармас қолип: кутиб олинди, ...қабул қилди, ...самолёти қўнди… "Давлат ташрифларини кузатар эканмиз, доим бир қолипдаги бир ховучгина сўзлар жамламасига дуч келамиз. Президент қаерга бормасин ёки давлат ташрифи билан қайсидир Президент ташриф буюрмасин доимий, умумий сўзлар кетма-кетлигига дуч келамиз. Мисол учун, кечагина Президентнинг Венгрияга қилган давлат ташрифи бўйича админстрация хабарларида Венгрия, яъни давлат номини ўзгартирган ҳолда бошқа ҳар қандай давлатга қилинган ташрифларга қўллаш мумкин. Буни бугунги Қозоғистонга қилинган ташриф давомида берилаётган хабарлар мисолида ҳам кўрса бўлади.

Platforma.uz канали ҳам Давлат раҳбари сиёсати қандай ёритилиши кераклиги ҳақида тўхтатилиб, Очиғи, бундай "рамзлар тили"га ҳам одам кўниккандай бўлаётир. Бироқ, менинг назаримда, масалага фақат "борди-келди" ёки постфактум шаклида эмас, аниқ шарҳлар форматида ёндашса янаям яхшироқ бўларди. Масалан, Президент Остонага нима учун боряпти, у ерда нима масалалар кўрилади ва уларга Ўзбекистоннинг умумий қарашлари тахминан қуйидагича, деган мазмунда. Қолаверса, бу учрашувда МДҲ давлатларидан ташқари яна қайси давлатлар раҳбарлари қатнашади ва нима учун? Бу саволларга жавобларни биз таассуфки ҳозирча ташқи манбалардан олаётирмиз”, деб ёзди.

Тўғри, қайсидир маънода бир бурда нон билан кола ичган маълумотларни ёзиш керакдир, лекин халқ учун бундан ҳам муҳимроқ маълумотлар бериш кераклигини ҳам унутмаслик керак.  

Аслида Президент сиёсатини ёритувчилар манбаларига синчковлик билан эътибор қаратсангиз бирон бир янгилик ёки қўшимча тўлдирувчи ахборотнинг ўзи мавжуд эмас. Балки, ПУЛ таркибидаги ОАВ вакилларига қўшимча тўлиқ ахборот бериш тақиқлангандир. Айтмоқчи бўлганимиз, ахборот хизматида шахслар янгилангани билан хизмат эски Султоновлар давридагидек қолмоқда. Тайёрланаётган видеорепортажлари тўй ва чиройли клипларни эслатади. Маъно, мазмун эса нол даражада. Таҳлилга арзигулик маълумот йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги вакилларидан эса умумий маълумотдан ўзга таҳлилни кутиш бефойда. 

Админстрацияга янги жон келдию, аммо ахборотларга “жон” киргани йўқ. Ахборот сиёсати ҳамон эски қолиплардан чиқаолмаётгандек.

Президент ташрифлари бир киши ва бир жамоанинг қалами ёки дунёқараши билан кузатиладиган жараён эмас. Айниқса, бу жамоа кутилмаган бурилишларга тайёр бўлмаса…

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
26
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.10.2022 19:26
Кушиламан шу фикрга