Имконияти чекланмаган чевар Соҳиба Йигитова ҳикояси
Соҳиба Йигитова 1978 йилда Фарғона вилояти Бағдод туманида туғилган, у оиладаги олти фарзанднинг бешинчиси. Унинг уч опаси, бир акаси бошқа болалардек соғлом.
- Болалигимда ва ўспиринлик йилларимда мен нега бошқаларга ўхшамайман деб кўп ўйлардим, кейинчалик бу ҳақда ўйламай қўйдим - дейди Соҳиба биз билан суҳбатда. У 7-синфгача таълим олган. Ўша пайтдаги ўқитувчиларнинг эътиборсизлиги, ўз ишига совуққонлиги натижасида 11-синфгача ўқий олмаган. Бир неча марта туман масъулларига олий таълим олиш ҳақидаги орзуларини айтди. Улар ҳам ўрта маълумот олганлиги ҳақидаги ҳужжатни олиб беришга ҳаракат қилишди, лекин бу ишлар ҳам охирига етмади.
Соҳибанинг айтишича, тикувчиликни у бирорта тикувчидан алоҳида устоз олиб ўрганмаган. Бу ҳунарни у марҳум Остонахон бувисидан ўзлаштирган. 8 қиз, уч ўғилни тарбиялаб, катта қилган Остонахон бувиси Соҳибага етарли даражада вақт топа олган. Соҳибанинг укаси унга астойдил ғамхўрлик қилади. Имкониятларидан келиб чиқиб, унга махсус уй қуриб берди. Ҳозир таъмирлаш ишлари охирига етмаган бўлсада, Соҳибанинг янги уйидан кўнгли тўқ.
Қаҳрамонимизнинг айтишича, ота тарафдан бувиси Саломатхон ая ҳам ўз даврининг «Мария Лопес»и бўлган. Ҳамма аёллар чоки пишиқ, чоки текис деб бувижонимга буюртмалар олиб келишган. Соҳиба ҳам ҳозирда иккала бувисининг ҳам ҳунарини давом эттиряпти. Маҳаллий ҳокимлик органларининг қўллови билан унга тикув машиналари ҳам олиб берилган. Ҳозирда у ўзбек келинлари сепи учун зарур бўлган кўрпа-тўшаклар,турли аёллар либослари, хўжалик сумкалари тика олади. Тайёр тикувчилик намуналарига турли безаклар беради.
44 ёшга кирган Соҳиба Йигитова шу кунгача 100 дан зиёд чевар шогирдлар чиқарди. Кўплаб келинларнинг сарполарини тайёрлаб берди.Унинг энг катта армони онасининг барвақт ўлими бўлди. Қуръони Каримни бир неча марта хатм қилган, орзуларига бирин-кетин эришаётган Соҳибанинг энг катта орзуси ҳали рўёбга чиққани йўқ. У дадажониси ва онажониси борлигида «Султоншоҳ» бўлиб яшаганлигини, улар Соҳибанинг барча истакларини амалга оширишганлигини айтади.
- Энг қийин кунларим онамнинг хаста бўлиб ётганида бўлди. Қани эди Аллох ҳеч бўлмаса онам хасталигида оёқларимни берганда эди, онамга қарардим....Кейин яна шу аравачага михланиб қолишга ҳам рози эдим,- дейди у ўксиниб.
- Бировга муҳтож эмаслигим, гулдек ҳунарим борлиги, кимгадир нафим тегаётганлиги мен учун катта бахт, яшашни мендан ўрганишсин, -дейди Соҳиба Йигитова сухбат якунида.
Қаҳрамонимиз онасига бундан кейин ҳам ҳаётдан баҳра олиб яшашга, ҳеч қачон бировга нолимасликка ваъда берган. Ва ана шу берган ваъдаси асосида ғамхўр укаси билан бирга ҳаёт кечирмоқда.
Батафсил видеода кўринг:
Муаллиф: Шарифа Мадраҳимова