Гулнора Каримованинг коррупцион ишларида ўша вақтда ва ҳозирда ҳам ишлаб келаётган ҳукумат вакилларининг қўли бўлмаслиги мумкинми? Rost24.uz сайти собиқ «қиролича»нинг ҳамон лавозимда бўлган, ҳукуматдаги шериклари бўйича уччала ҳокимият вакилларини сўроқ қилишда давом этади.
Каримованинг Ўзбекистонга қайтарилиши қийин кечаётган катта миқдордаги пулларини ёлғиз ўзи ўмарганига ишониш қийин. Ваколатли ҳукумат вакилларининг ёрдамисиз бу қадар йирик маблағни ўзлаштириш ва хорижга олиб чиқиш мумкин эмас. Шу сабабли, Rost24.uz нашри Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаровни саволга тутди. Коррупцияга қарши курашилаётган бир вақтда миллионлаб АҚШ долларини ўзлаштириб хорижга олиб чиққан Гулнора Каримованинг шерикларини изламаслик тўғрими? Гулнора Каримова йирик коррупцион жиноятларини ҳукуматнинг ваколатли шахсларисиз амалга ошириши имконсиз эди.
Мазкур саволларимизга тегишли орган вакили Наримон Умаров бефарқлик билан жавоб қайтарди. Умаровга кўра, ҳозирда Гулнора Каримованинг пулларини Ўзбекистонга қайтариш муҳим. «Бу халқнинг пули», дейди амалдор. Шундай экан, халқнинг пули ўзлаштирилишида иштирок этган бошқа жиноятчиларнинг ҳамон ваколатли лавозимда ўтириши қанчалар тўғри. Бироқ, Умаров Сенатнинг коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси бўлишига қарамасдан Гулнора Каримованинг шерикларини излаш бўйича ишлар қанчалик амалга оширилаётганидан бехабарлигини айтмоқда. Умаров Гулнора Каримованинг нодавлат нотижорат ташкилоти орқали фаолият юритганини пеш қилмоқда. «Давлат ташкилотлари пулларни хорижга олиб чиқиб кетиш ваколатига эга эмас», дейди у. Шунингдек, Наримон Умаров бугунги ҳукумат вакилларини Гулнорага шерикликда айблашда қонунчиликда «айбсизлик призумцияси» борлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз деди.
Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова айни дамда коррупцион жиноятлари учун панжара остида умрини ўтказмоқда. У ўмарган маблағлар 10 дан ортиқ давлатларда кўчмас мулк кўринишида ҳам сақланмоқда. Ўз вақтида Гулнора Каримованинг ноқонуний тарзда йиққан маблағини тўлиғича Ўзбекистонга қайтариш ишлари ҳамон якунига етмади. Собиқ «қироличанинг» ўмарган маблағлари шу қадар кўпки уларни қайтариш ҳам осон кечаётгани йўқ. Rost24.uz сайти собиқ «қиролича»нинг ҳамон лавозимда бўлган, ҳукуматдаги шериклари бўйича уччала ҳокимият вакилларини сўроқ қилишда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги вакилининг сўнгги хабарларига кўра Гулнора Каримованинг Швейцариядаги 131 млн долларга яқин маблағи қайтарилади ва ижтимоий соҳага йўналтирилади.