Маънавият ва маърифат тарғиботи учун 30 йил давомида миллиардлаб маблағлар сарфланиб келинади. Миллий ғурур, истиқлол ғояси кабилар дарсликларга киритилган, фан сифатида ўқитилади, бутун бошли телеканаллар унинг тарғиботи учун сафарбар этилган. Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори эса, ўзбекистонликлар фикр қарамлигидан тўлиқ халос бўлмаганини айтмоқда.
«Биз ҳали тафаккур қуллигидан, фикр қарамлигидан тўлақонли халос бўлганимиз йўқ», дейди Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов.
Rost24.uz сайти «Рус пропаганда машинаси натижа беряпти. Ўзбекистонликлар ким томонда?» номли мақола юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатовни суҳбатга тортди. Маънавият тарғиботи учун миллиардлаб маблағлар сарфланганига қарамай нима учун одамлар сиёсий қарашида ҳамон россияпарастлик сезилмоқда? Бу масала бўйича тадқиқот маркази директори Олимжон Давлатовнинг фикрлари билан қизиқдик.
Олимжон Давлатовнинг айтишича, одамларнинг совет иттифоқини қўмсаши, катта давлатларга нисбатан маҳлиёлиги бор нарса. Аммо, шунга қарамай аксарият одамлар Россия тарафини олишида "Рост24" таҳририятининг ҳам айби бор. Яъни «савол нотўғри қўйилган», дейди марказ директори.
Шунингдек, одамларнинг аксари Россия тараф бўлишини Олимжон Давлатов фикрлар хилма-хиллиги, плюрализм сифатида қабул қилишимиз кераклигини билдирди. У одамларда сиёсий онг, тафаккур ўсганидан хурсанд эканлигини ҳам айтиб ўтди. Аммо, суҳбат асносида у бир вақтнинг ўзида ўзбекистонликлар мустамлака давлатга бўлган мойиллик ва фикрий қарамликдан ҳам халос бўлмаганларини айтган. Унинг фикрича сиёсий мустақиллик, сўнг иқтисодий ва охири одамлар онгидаги фикр мустақиллигига эришилади. Олимжон Давлатов йиллар давомида маънавият тарғиботига совурилган миллиардлар ҳақида гапирганда, у бу соҳа 40 йилдан кейингина натижа беришини эслатди.
Видеода кўринг: